09 May 2015
17:51 - СИЁСИЙ АЙБЛОВЛАР КЎЛАМИ КЕНГАЙМОҚДАМИ? (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релиз №20, 08.05.2015)
“Эзгулик”ка мурожаат қилган Тошкент вилояти Зангиота тумани Эркин ҚФЙ Улуғбек кўчаси 1 “А”-уйда истиқомат қилувчи Исроил Ҳамроев “Халқлар дўстлиги” ордени соҳиби, Ўзбекистон Республикаси фахрий ёрлиқлари ва давлат мукофотлари билан тақдирланган шахс. У иқтисод фанлари номзоди сифатида ўз соҳасида узоқ йиллар элга хизмат қилиб келган. Ўғли Илҳом Ҳамроев “Бухорогазсаноатқурилиш” ширкати раҳбари сифатида нафақат Бухорода, балки республикада бирмунча танилган мутахассис эди.

“Бухорогазсаноатқурилиш” ширкатида 2010-11 йилларда Республика Бош прокуратураси топшириғи билан Бухоро вилояти МХХ бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилган ва Илҳом Ҳамроев Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг иқтисодий жиноятларга оид мажмуи, шунингдек, мансаб ваколатини суистеъмол қилиш сингари моддалари билан қамоққа ҳукм қилинган.

Илҳом Ҳамроев, отасининг таъкидича, қилган жиноятларидан етарлича хулоса чиқарган, келтирилган моддий зарарни қоплаган, Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий жиноятларни либераллаштириш ҳақидаги қонун ҳужжатларига мос равишда белгиланган жазо чораларидан озод қилиниши керак. Аммо унга нисбатан амнистия қўланлмаяпти, жазо муддатлари узайтирилмоқда. Чунки Ҳамроевга нисбатан жиноят ишининг кам-кўстлари, ҳуқуни муҳофаза қилиш органлари томонидан йўл қўйилган камчиликлар хусусида юқорида номини олганимиз Исроил Ҳамроев Президентга, Бош прокурор ва бошқа мутасадди органларга ёзиб ётибди.

Исроил Ҳамроев ёзувларида давлатнинг амалдаги сиёсатини маъқуллайди, ўтказилаётган ислоҳотларни олқишлайди. Президентга ишонишини, ҳукуматга содиқлиги ифодалашга ҳаракат қилади.

Илҳом Ҳамроевнинг ҳимоя тарафи, ишни яқиндан билганлар ишни МХХ органи тергов қилгани боис унинг озодликка чиқарилмаётганини, унга нисбатан амнистия талаблари қўлланилмаётганини тахмин қилишмоқда. Одатда биз ҳуқуқ ҳимоячилари тилида сиёсий маҳкумлар деб аталадиган фуқаролик жамияти вакилларига ана шунлай муносабатда бўлинади. Яъни, айрича сиёсий қарашлари эвазига барча ҳуқуқлардан маҳрум дўстларимиз шундай тақдирга маҳкум. Аммо бевосита ана шундан “сиёсий айблов” кўлами кенгаяётгандек.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасини Илҳом Ҳамроев ишига нисбатан прокурорлик чораларини қўллашга, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга чиқиради!