08 May 2015
21:25 - Чимкентда генерал Собир Раҳимов ҳайкали олдида қозоқлар Ватан Ҳимоячилари Кунини нишонлашди, Тошкентда унинг номини ўчиришга ҳаракат қилинмоқда

Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида гўёки қозоқ генерали Сабыр Рахымов ҳайкали олдида Ватан Ҳимоячилари Куни нишонланибди. Хабарга ҳам арзимайдиган оддий бир воқеа. Аммо, шу воқеа туфайли ўзбеклар учун муҳим бўлган баъзи нарсаларни эслашдан фойда бор.

Дунё Иккинчи жаҳон уруши деб биладиган, собиқ СССРда Улуғ Ватан Уруши деб ном олган урушда Совет армияси сафида хизмат қилган ягона ўзбек генерали Собир Раҳимов нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиё халқлари ўртасида эътиборга сазовор. Қозоқлар эса, СССР парчалангандан кейин Собир Раҳимовни Сабыр Рахымов дейишга бошлаб, унинг миллати қозоқ эканлигини эслаб қолишди ва уни қозоқ миллий қаҳрамонига айлантиришди.

Чимкентда Сабыр Рахымов ҳайкали очилгани ҳақидаги хабарга “Ҳаракат” Агентлиги 2012 йил 30 сентябрда шундай таҳлил берган эди:

“Собир Раҳимовнинг хотини Қуралой Алибиевна Натуллаева (Сабирова) қозоқ миллатига мансуб бўлиб, қозоқларнинг миллий қаҳрамони, революционер, гражданлар урушининг иштирокчиси Алиби Жангилдиннинг турли миллатларга оид тўртта хотинининг учинчисидан туғилган. Узоқ йиллардан кейин, Сабир Раҳимов янглишиб ўзбек ва Тошкентда туғилди деб ёзилиб қолгани бу аёлнинг эсига тушган, ҳар ҳолда ваҳий келган бўлса керак, шундан кейин Қозоғистонда Сабыр Рахымов қозоқларнинг миллий қаҳрамонига айланган.

Яхшиямки, Қуралой Натуллаева отасининг қозоқ аслли учинчи хотинидан туғилган, агарда у рус аслли иккинчи хотиндан туғилсамиди, Сабыр Рахымовни русга чиқарган бўларди.

Ҳали маданий даражага етиб келмаган қозоқ ва қирғиз миллатчилигининг бу каби ўйинлари Туркистон ғояси йўлидаги энг катта тўсиқ бўлиб қолиши муқаррар.”

Ўзбекистонда Ислом Карим раҳбарлигида ҳукмронлик қилаётган тожиклар режими эса, миллий қаҳрамонимиз Собир Раҳимов номини ўзбекнинг тарихидан ўчириш учун ҳаракат қилиб ётибди. Дастлаб унинг пойтахт марказидаги ҳайкали йўқ қилинди, сўнгра унинг номидаги туман ва бошқа топономик номлар йўқотилди. “Ўзбекфильм” киностудияси томонидан яратилган “Генерал Раҳимов” фильми экранлардан олиб ташланганига 10 йилдан ошди. Гўё, Раҳимов номи ўзбекларга совет даврини ёдга солармиш. Вақти келади, буларни қилаётганлар ўзбек миллати олдида жавоб берадилар.

Расмда – Собир Раҳимовнинг қозоқ шакли берилган Чимкентдаги ҳайкали.