08 May 2015
01:30 - Ўзбекистонда ўзаро зид фикрловчи вазирлар пайдо бўлмоқда
Бугунги “Даракчи” газетасида Ўзбекистон Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятовнинг марказий мактаблардаги баъзи синфларда ўқувчилар сони ҳаддан ташқари кўплиги ҳақидаги фикрлар чоп қилинди. Вазирга кўра, бугунги кунда марказий мактабларнинг талабгирлиги оқибатида ундаги синфларда 50 нафаргача бола ўқияпти, бу эса таълим сифатига салбий таъсир кўрсатиши табиий ҳол. Вазирнинг ваъдасига кўра, 2015 йилдан эътиборан ҳар бир синфга 35 нафардан кўп бола қабул қилинмаслиги учун зарур чоралар кўрилади.

Аммо таълим тизимида бундай вазият ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ. Бундан 4 йил аввал, яъни 2011 йилда Ўзбекистон Молия вазири ўринбосари Қўчқоровнинг буйруғи билан синфларда ўқувчилар сонининг 35 тадан кам бўлмаслиги қайд қилинган. Бундан мақсад синфларни камайтириш ва давлат бюджети маблағларини тежаш бўлган. Молия вазирлигининг таълим сифати билан иши йўқ.

Кўриниб турибдики, вазирларнинг ўзаро фикрлашида бироз зиддият бор. Кичик бўлса ҳам бу яхши натижа, бизда фикр эркинлиги пайдо бўлаётганини кўрсатувчи муҳим нарса, бундан хурсанд бўлиш керак. Ёки, уларнинг аҳмоқликда бир даражада эканликлари бу зиддиятдан муҳимроқмикан?