06 May 2015
23:31 - “ЭЗГУЛИК” ҲУКУМАТ ИДОРАЛАРИНИНГ ТОМОҒИДАГИ СУЯКМИ?!” (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи - №17, 05.05.2015)

Юртимиздаги мактаб ўқувчиларининг (барчаси эмас, албатта) хулқ атвори мамлакатда содир бўлаётган кўпгина жиноятларнинг асоси бўлиб қолмоқда. Ёшларни ўқув даргоҳларида, кўча-кўйларда номақбул хатти-ҳаракатларига ота-оналар ва мактаб маъмуриятининг беписандлиги, айниқса мутасадди ташкилотларнинг ўз тинчини, мавқеини ўйлаб кўпчилик салбий ҳолатларни “ёпти-ёпти” қилиб юборишлари оловга мой қуйгандан баттар бўлмоқда.

Ўз тенгқурлари томонидан аёвсиз калтакланган 6-синф ўқувчиси Карен Аксакаловнинг онаси Зумрад Аксакалова ёлғиз фарзандини ҳимоя қилишга ожизлик килиб жамиятимизга мурожаат қилди. Мурожаатга кўра, Тошкент шахар Мирзо Улуғбек туман 64-мактабнинг 6- синфида дарс вактида ўқувчи Владимир Хомин телефондан фойдалангани учун ўқитувчи унинг телефон аппаратини олиб қуйган. Дарс тугаб, Владимир Хомин ўқитувчидан телефон аппаратини қайтариб беришини талаб қилганда ўкитувчи телефон аппаратини йўҳолганини айтган. Синфдошлари томонидан телефон аппаратини йўқолганликда айбланган Карен Аксакалов дарсдан кейин “разборка” ҳукмига кўра мактаб ҳудудида шавқатсизларча калтакланган. Жаҳолатга берилган болакайлар уни дуч келган ерига тепгани камлик қилгандай ичига сув тўлдирилган “баклашкалар” билан уришган.

Бунинг устига бу ур-тўполондан маза қиладиганлар ҳам топилиб, телефонларга ёзиб тарқатишган. Калтакланиш оқибатида Карен мия шикастланиши, ички органларнинг эзилиши, қўл-оёқлари лат еганлиги сабабли 2 ҳафта давомида касалхонада даволанган. Фарзандига нисбатан бўлган бу шавқатсизлик юзасидан Зумрад Аксакалова мактаб маъмурияти ва Мирзо Улуғбек туман ИИБга мурожаат қилган, лекин мурожаатлари эътиборга олинмаган.

Аризачининг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида “Эзгулик” жамияти Ўрта ва махсус Таълим Вазирлиги ва Ички Ишлар Вазирлигига мурожаат қилди. Текшир текшир бошланиб мутасадди ташкилот вакиллари биринчи ўринда Зумрад Аксакалованинг нима учун “Эзгулик” жамиятига мурожаат қилгани бўйича тергов қила бошладилар. Айниқса, Мирзо Улугбек тумани ИИБ ходими Собированинг тайзиқларидан безиган она “ҳеч кимга даъвоим йуқ” деган тилхатни ёзиб беришга мажбур бўлди.

Ҳайрон бўласан, наҳотки Таълим Вазирлигидек ташкилот, Тошкент шаҳар ИИБ, Мирзо Улуғбек ИИБ вакиллари “Эзгулик” жамиятидан шу даражада жунбушга келишса. “Э, онагни сенларни! Сенларга нима, ким қаерга мурожаат қилади, билиб ишларингни қилаверсанларми?!” дерди чапанирок одам топилса. Болалар муаммоси ўз йўлига, лекин мактабда не аҳвол, ўқитиш, тарбия бериш қай даражада?! Ўқитувчиларнинг ўзлари балки тарбияга мухтож эмасмиканлар деган савол ичингни эзади. Бу сингари ҳолатлар минглаб, миллионлаб. Ҳукумат идораларининг адолатсизлик ва эътиборсизликлари аризачиларнинг жон-жонидан ўтиб кетгани Жамиятга келаётган хат-хабарлардан маълум.

“Эзгулик” жамияти ўз манфаатини халқ манфаатидан устун қўйган Ўрта ва махсус Таълим Вазирлиги ва ИИБ Вазирлигига қайта мурожаат килиб, эътиборларини “ёпти-ёпти” қилинган Зумрад Аксакалованинг аризасига қаратади ва бу хусусда конкрет ижобий натижалар ҳақидаги жавобни берилишини талаб қилади.