07 May 2015
16:09 - АҚШ Ўзбекистонни диний эркинликлар топталаётган ўлка деб атади ва Абдураҳим Пўлатнинг Барак Обамага ёзгани хати тўғрилигини исботлади

АҚШнинг Халқаро диний эркинликлар бўйича комиссияси Ўзбекистонни диний эркинликлар масаласида “алоҳида хавотирга молик” мамлакат деб атади. Қўшма Штатлар комиссиясининг бундай эътирофига Бирма, Судан, Хитой, Саудия Арабистони, Шимолий Корея, Эрон, Эритерия, Туркманистон ва бу йилдан эътиборан Тожикистон ҳам кирди. Комиссия 33 мамлакатни ўрганиб, бу мамлакатларда озчиликни ташкил этувчи диний жамоаларни таъқиб, терроризмга қарши кураш ниқоби остида диний эркинликларни бўғишга қаратилган ҳаракатларни қоралаган.
Шунингдек, АҚШ комиссияси ҳисоботида диний экстремизм ва терроризм кескин қораланади ва бу унсур мамлакатларнинг ички муаммолари эмас, балки халқаро даражадаги муаммо экани эътироф этилади.

АҚШлик ташкилотнинг бу хулосаси унчалик тўғри эмас, дейди мухбиримиз. Аммо, уларнинг хатолари - “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлатнинг АҚШ Президенти Барак Обамага ёзган хатидаги америкалик ноҳукумат ташкилотлари 20-чи асрда қолиб кетгани ҳақидаги фикр тўғри эканлигини исботламоқдадир.

СССР каби атеистик диктатуралардагина диний эркинликлар топталган. Ўзбекистон каби атеистик бўлмаган диктатурада диний эркинликларни топташнинг ҳеч кимга кераги йўқ. Ҳамма гап шундаки, Ислом динининг ҳозирги тушунчаларига кўра, ҳар қандай давлат исломий бўлиши керак. Демак, аҳолисининг мутлақо кўпчилиги мусулмон бўлган ЎЗбекистонда диний эркинликларга тўла йўл бериш – Ўзбекистонни исломий давлат қилиш, ўрта асрларга қараб кетишдир.

Бундай боши берк кўчадан чиқишнинг ягона йўли – Абдураҳим Пўлат Барак Обамага ёзган хатида ҳам айтилганидек, Исломда инқилобий ислоҳотлар қилиш ва Ислом динининг ўзи дунёвийлик/секуляризм принципини тан олишига эришишдир. АҚШлик Халқаро диний эркинликлар бўйича комиссия ва бу каби ташкилотлар айнан Абдураҳим Пўлат айтган йўналишда ишласалар Ўзбекистон учун ҳам, халқаро ҳамжамият учун ҳам фойдали бўларди.