30 April 2015
21:27 - Ўзбекнинг аҳволи: Санкт-Петербургдаги қурилишда фожеа, қотиллик ва одам савдосида айбланаётган ҳамюртларимиз
Санкт-Петербургнинг “Балтийская жемчужина” даҳасидаги қурилишда ўзбекистонлик қурувчи 10 метр баландликдан тушиб кетди ва оғир аҳволда шифохонага етказилди. Нон излаб юрган 26 яшар ҳамюртимизнинг мияси оғир даражада шикастланган, бош суяги ва 12 та қовурғаси синган.

Россиянинг Кострома вилоятида эса яна бир ўзбекистонлик 26 ёшли шахс қотиллик ва қалбаки ҳужжат тайёрлашда айбдор, деб топилди. Россия Бош прокуратурасига кўра, у 2012 йили Москва шаҳрида шахси аниқланмаган кишидан Ўзбекистон фуқароси паспортини олиб, унга ўз расмини ёпиштирган ва Россия ҳудудида қалбаки ҳужжатдан фойдаланган.

Ўрис матбуотига кўра, 2014 йил июлида у Кострома вилоятидаги Кадий шаҳарчасига келиб, бу ерда хусусий тахта арралаш цехига ишга кирган ва бир цехдоши билан жанжаллашиб қолиб, уни ўлдириб қўйган. Суд Ўзбекистон фуқаросини 8 йилга озодликдан маҳрум этиб, унга 10 минг рубль миқдорида жарима солибди.

Россия таркибидаги Кабардин-Болқор республикасида эса муҳожирларнинг ноқонуний миграция каналини ташкил этган Ўзбекистон фуқароси одам савдоси, чегарани ғайриқонуний кесиб ўтиш сингари жиноятлар билан ҳибсга олинибди. Шунингдек, Кабардин-Болқорнинг Черек тумани Кашхатау қишлоғида ҳам уч нафар Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинган. Боиси улар яшаётган уйдан ўқотар қурол, ўқ-дори ва гиёҳванд моддалар топилган.