29 April 2015
19:50 - Ўзбекистон тилла қазиб олишга йирик сармоя жалб этмоқчи, мавжуд ҳукумат “Бирлик” ва “Ҳаракат”нинг танқидига қулоқ солмоқдами?
Келгуси ўн йил давомида Ўзбекистон ҳукумати олтин қазиб чиқаришни кўпайтириш ва олтин қазиш саноатини модернизация қилиш учун соҳага 1 миллиард 100 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритмоқчи. Мазкур лойиҳа асосан Навоий ва Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинатлари доирасида амалга оширилади. Маҳаллий матбуотнинг хабарига кўра, Навоий тоғ-кон комбинатида 2019 йилгача тўртта янги олтин қазиб олиш конини ишга туширишга 330 миллион, “Мурунтау” ва “Зармитон” конларини модернизация қилиш учун эса 485 миллион АҚШ доллари сарфланади.

Олмалиқ тоғ-кон комбинати базасида эса “Қизил олма” деб номланган ер ости кони ишга туширилади. Мазкур лойиҳалар Ўзбекистон банклари ҳамда Ўзбекистон реконструкция ва тараққиёт жамғармаси ҳамда манфаатдор корхоналар ҳисобидан амалга оширилади.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 2014 йилда олтин ишлаб чиқариш 102 тоннани ташкил қилган ва бу билан Ўзбекистон дунёда олтин қазиб олиш бўйича 7-ўринга чиққан.

Бу хабарнинг диққатга сазовор жойи шундаки, дейди мухбиримиз, мустақилликнинг 25 йили ичида мавжуд ҳукумат умуман олтин қазиб олиш саноати, отлдиндан қандай фойдаланилаётгани, бу соҳанинг иқтисодимиздаги ролини ҳеч қачон тилга олмаганди. Ваҳолангки, ҳар қандай давлат иқтисодининг асосий кўрсатигичи бўлмиш киши бошига Ялпи Ички Мҳсулот бўйича Ўзбекистон Қозоғистондан 8 марта орқада бўлиб, бу фарқ ортиб бормоқда. “Бирлик” Партияси ва “Ҳаракат” Агентлиги иқтисодимизда инқилобий ўзгаришлар қилишни ўйламаётган ҳукумат миллат ва ватан олдида жиноят қилаётганини урғулар экан, бу жиноят учун жавоб берадиган кун келишини такрорлаб келарди.

Балки, ҳукумат мухолифатнинг танқидларига қулоқ солиш кераклигини, иқтисодда ирнқилобий ўзгаришлар қилиш кераклигини тушунишга бошлагандир. Шундай бўлса, олтин саноатига эътибор берилаётгани олқишга сазовор қадам эканлигини тан олиш керак бўлади.