26 April 2015
22:21 - Қозоғистон жаҳон рекорди ўрнатибди, президент сайловида 95,11% сайловчи қатнашганмиш, ўзбеклар нима қилади?

Бу мамлакатнинг расмий давлат ахборот воситаси бўлган Казинформдан бошлаб, қолган ҳамма ахборот воситалари Қозоғистонда жаҳон рекорди ўрнатилгани, бугунги президент сайловларида сайловчиларнинг 95,11 фоизи қатнашганини айтмоқдалар. Сайловчилар сайлов участкалари очилмасдан навбатда туришга бошлаганлар ва охирги дақиқагача сайлов бериш давом этган.

Табиий, бу рақамга ақли расо одам ҳеч қачон ишонмайди. Чунки, давлат қанчалик яхши бўлмасин, халқнинг севимли диктатори, эй, кечирасиз, президенти қанчалик яхши бўлмасин, бу мураккаб замонда 95 фоиз сайловчи сайловга келиши мумкин эмас!

Аслида, жаҳон рекорди Ироқда Саддам Ҳусайин президентликка охирги марта сайланганда ўрнатилганди. Ўшанда сайловчилар 100 фоиз сайловда қатнашиб, тўппа-тўғри 100 фоизи Саддам Ҳусайинга овоз бергани эълон қилинган.

Лекин, нима бўлганда ҳам, Саддам Ҳусайин ва Ислом Карим каби диктаторлардан фарқли ўлароқ, Нурсултон Назарбой ўз халқи ва мамлакати учун қилаётган буюк ишларга кўз юмиб бўлмайди. У қозоқларни қабила ҳолидан миллат даражасига олиб чиқмоқда, айнан у Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги лидерлигини йўқ қилиб, лидерликка Қозоғистонни чиқариб бўлди. Нурсултон Назарбой Қозоғистонни халқаро савияда ҳатто Ғарб мамлакатлари ҳисоблашадиган даражага олиб чиқди.

Ислом Карим Оқсарой номли инидан чиқмасдан ўлимини кутмоқда. “Бирлик” ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” ўзбекларни ғафлат уйқусидан уйғотамиз, ўзбекларни қайтадан миллат, Ўзбекистонни қайтадан давлат қиламиз деб гапириш билан овора.

Шундай экан, ўзбеклар нима қилади, деб савол қўйишнинг ўзи мантиқсизликдир. Ўзбеклар ош ейди, туалетга боради, бундан бошқа нима керак уларга? Ҳеч нарса.