26 April 2015
07:42 - Вазирлар маҳкамаси: Ўзбекистонда бу уч ойликда ҳам ҳамма нарса зўр

ЎзА агентлиги хабарига кўра, “2015 йил 24 апрелда Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил биринчи чорагида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини муҳокама қилишга ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан жорий йил 16 январда республика Ҳукуматининг мажлисида белгилаб берилган 2015 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифалари амалга оширилишини баҳолашга бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.”

Бош вазир Шавкат Мирзиёнинг ҳам номи тилга олинмаган хабардан маълум бўлишича, Ўзбекистонда Ислом Карим раҳбарлигида ҳамма нарса зўр.

Ялпи Ички Маҳсулот (ЯИМ) аввалги уч ойликка нисбатан 7,6% га ортибди. Аммо, ЯИМнинг абсолют миқдори, яъни қанча сўм бўлгани айтилмайди.

Давлат Бюджети ЯИМнинг 1% ҳажмига тенг профицит билан бажарилибди. Аммо, ЯИМ қанчалиги айтилмаган экан, демак, профицит ҳажми ҳам номаълум.

Инфляция прогноз қилингандан кам бўлибди. Аммо, прогноз қанчалиги айтилмайди. Демак инфляция қанчалиги ҳам номаълум. Ва ҳоказолар.

Хуллас, Вазирлар маҳкамаси одатдагидек масхарабозлик билан шуғулланмоқда. Чет элда ишлаётган ўзбек мардикорлари Ўзбекистонга ҳар йили сал кам Давлат Бюджети миқдорида пул юбораётганлари, демак, Ўзбекистондек давлатнинг бюджети ўша пул билан оёқда турганини ҳисобга олсак, давлатимиз давлат сифатини йўқотиб бораётган экан, Вазирлар маҳкамасидан нима ҳам кутиш мумкин.

Ўзбек халқининг эса бунақа нарсалар билан иши ҳам йўқ.