20 April 2015
18:15 - Ички ишлар вазирлиги хорижга чиқиш, кириш ва хорижда бўлиш юзасидан назоратни кучайтиради, аммо бунинг фойдаси бўладими?
"Постда" газетасига кўра, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Ҳайъатининг 2015 йил биринчи чорак якунлари бўйича навбатдаги мажлиси бўлиб ўтган. Унда хориждан қайтиб келаётган ўзбекистонликларнинг террорчи ташкилотларга алоқасини текшириш чораларини кучайтириш юзасидан тадбирлар режаси белгиланган. Ҳайъат мажлисида вазирнинг биринчи ўринбосари, полковник Даврон Назармуҳамедов доимий яшаш жойларидан узоқ муддатга чиқиб кетиб, бошқа давлатларда террорчилик ташкилотлари фаолиятларига жалб этилган, шу жумладан, Ўзбекистон ҳудудида ушбу ташкилотлар таъсирига берилган шахсларни аниқлаш йўлида олиб борилаётган чораларга эътиборни қаратгани айтилади.

Вазирлик мулозимларига кўра, хорижда яшаётган ўзбекистонликлар орасида Туркия орқали Сурия ва Ироқдаги жиҳодий жангларга қўшилиш ҳоллари ортган. Шу боисдан ҳам кески чоралр кўрилмоқда. Юқоридаги хабаримиз, яъни Россия ҳудудида миграцион идораларимизнинг ваколатхоналари очилиши сабабларидан бири ҳам эҳтимол шудир.

Бундай тадбирлар олиниши керак эди, олинаётгани яхши, дейди мухбиримиз. Аммо, Ислом динига кўра давлат исломий бўлиши керак, бизда эса давлат дунёвий. Демак, ҳақиқий мусулмонлар Ўзбекистонни исломий давлатга айлантирш мақсадидан ҳеч қачон воз кечмайдилар ва кечолмайдилар. Чунки, бу – Қуръоннинг, демак, Оллоҳнинг талабидир.

Ички ишлар вазирлиги раҳбарлари айнан шу боши берк кўчадан чиқиш йўлини ўйлашлари керак. Йўл эса, “Бирлик” Партияси ва “Ҳаракат” Агентлиги тарафидан аллақачон кўрсатиб бўлинди. Ислом уламолари Ислом динида инқилобий ислоҳотлар бошлаб, Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини тан олишига эришишлари керак.

Акс ҳолда, Ички ишлар вазирлигимизнинг ишларидан фойда кам бўлади, муаммо ечилмай қолаверади.