18 April 2015
01:07 - Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги евроэлчиларни йиғди, Канада элчилихонасининг маслаҳатчиси фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашди

Кеча Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Европа Иттифоқи мамлакатлари элчилари билан учрашув бўлиб ўтибди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилган. Вазирликка Европа Иттифоқи делегацияси бошлиғи, элчи Юрий Штерк, Буюк Британия элчиси Жорж Эгар, Руминия элчиси Ромео Станчу, Словакия элчиси Павол Иван, Чехия элчиси Гинек Пейха, Германия элчиси ўринбосари Торстен Гёлер, Франция элчихонаси маслаҳатчиси Мариам Галлан келган.

“Суҳбат чоғида томонларни қизиқтирган масалалар муҳокама қилинди”, – дейилади вазирликнинг тўмтоқ хабарида.

Шунингдек, аввалги куни Тошкентга Канаданинг Россия Федерациясидаги элчиси маслаҳатчиси Наталя Бриттон келди ва фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашди. Улар орасида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноят ҳам бор эди. У мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятнинг ўзаги сиёсий ҳуқуқлар эканига урғу берди.