12 April 2015
19:21 - Яхши хабар: Япония Бош вазири Синдзо Абэ Марказий Осиё давлатларига расмий ташриф билан келмоқчи
Русларнинг ТАСС агентлиги японларнинг Иомиури симбун газетасига асосланиб хабар қилишича, Япония Бош вазири Синдзо Абэ шу йилнинг август ойи охирида Марказий Осиёдаги 5 давлатга расмий ташриф билан келмоқчи. Унинг асосий мақсади - газ, нефть ва бошқа табиий бойликларга эга бўлган Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш. Наркотрафик ва минтақада терроризм масалалари ҳам муҳокама қилинар экан.

Энг муҳими, Синдзо Абэнинг сафари пайтида Япония бу мамлакатларга инфраструктуравий лойиҳалар бўйича ёрдам бериш ҳақида бир қатор ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилмоқда.

2006 йили Япониянинг ўша пайтдаги Бош вазири Дзюнитиро Коидзуми Ўзбекистон ва Қозоғистонга сафар қилгани ҳам хабарда эслатилган.

Ҳақиқатда яхши хабар, дейди мухбиримиз. Япония фақат бойликларимиз билангина қизиқиб қолмасдан, буюк лойиҳаларни бажаришда ёрдам бермоқчи эканлиги мақтовга лойиқ нарса.

Аммо, шу ҳам маълумки, Ғарб давлатларидан фарқли ўлароқ, Япония ўзи демократик давлат бўлишига қарамасдан, демократиядан узоқ бўлган давлатлар билан демократия ва инсон ҳуқуқлари муаммоларини ҳеч қачон муҳокама қилмайди. Бу яхши эмас.

Ўзбек демократлари ҳозир вақтдан фойдаланиб, Синдзо Абэга шу мавзуда таъсир ўтказишга ҳаракат қилишлари керак.