12 April 2015
16:41 - Миллий академик драма театрида Ёқуб Аҳмедовнинг мактаби очилибди, у кимга хизмат қилмоқчи?
Асосан рус тилида хабар тарқатадиган 12news.uz нашри яна рус тилида билдиришича, машҳур артист Ёқуб Аҳмедов Миллий академик драма театри қошида “Актёрлик маҳорати мактаби” номли театр-студияси очибди.

Бу театр тарихида Олим Хўжаев, Маннон Уйғур каби буюк актёрлар ва режиссёрлар бор бўлганини эслатган Ёқуб Аҳмедовнинг айтишича, бу студия ёшларимизни санъатга ва халққа хизмат қилишга ўргатиш учун ёрдам берар эмиш.

Бундай янгилик олқишланиши кераклиги ўз-ўзидан маълум, дейди мухбиримиз. Аммо, санъат фақат санъатгина эмас, миллат ва ватаннинг тарихи ва ҳозирги бор муаммоларини ёритиш орқали миллатни тарбиялаш қуроли ҳамдир.

Мана ўзбекнинг тарихида энг катта воқеа – мустақилликка эришиш воқеаси ўзбекларнинг санъатида ўзини аксини топдими? Ўшдаги фожеамизчи? Олим Хўжаев, Маннон Уйғурларнинг авлодлари қозоқларга мардикорлик қилаётганлар подасига айланиб бораётганичи?

Ёқуб Аҳмедов бундай саволлар устида ўйлаётган бўлса “офарин” дейиш, акс ҳолда, ўз исми-шарифидан русларнинг “-ов” қўшимчасини ҳам улоқтириш эсига келмайдиган санъатчиларга қараб, “эссиз ўзбек санъати” дейишга тўғри келади.