12 April 2015
06:17 - Ражаб Эрдўғоннинг қизи: Имoм-воизлик эканим билан мағрурланаман!

Маълумки, бу йил 7 июнда Туркияда парламент сайловлари бўлади. 10 фоизлик тўсиқни ошиб параламентга 4 та партия кириши мумкин. Турли сўровнома натижаларига кўра, бу партияларнинг учтаси – исломчиларнинг Адолат ва Тараққиёт Партияси (АТП), сўлчи Жумҳурият Халқ Партиси ва миллатчиларнинг Миллиётчи Ҳаракат Партияси – парламентга кириши аниқ. Курдларнинг Халқнинг Демократик Партияси балки парламентга киради ёки кирмайди. Мустақил номзодлар ҳам бор. Шу кунларда Туркия матбуотида ҳамма номзодларнинг исми эълон қилинди.

Шундайлардан бири – АТПдан номзод қилиб кўрсатилган Президент Эрдўғоннинг қизи Сумеййе Эрдўғондир. АҚШнинг Индиана штатида Университет битирган 30 ёшли аёл ёки қиз (оиласи тўғрисида маълумот топиш қийин – “Ҳаракат”) социология ва сиёсат бўйича мутахассислик олган. Аммо, ким биландир қўшма бизнесс олиб бораётгани айтилади.

Бундан ҳам муҳими – Сумеййе диний дарасларга урғу берадиган ва Имoм-Ҳатиб (Имом-Воиз) деб аталадиган ўрта мактабни (лицей ҳам дейишади) битирганидир. У шу кунларда сайлов олди кампанияси доирасида турли вилоятларда юрар экан, Имoм-Ҳатиб мактаби ҳақида кўп гапиришини кутиш керак.

Масалан, у кеча Шонлиурфа вилоятида “Шонлиурфа Имом-Ҳатиблилар Жамияти” тарафидан ташкил қилинган “Янги насл Имом-Ҳатиблилар ва келажак” номли конференцияда қатнашди ва, жумладан, шундай деди: “Имом-Ҳатиб дарахтининг мевалари ўлкамизнинг бошқарувида ҳал қилувчи сўз эгаларига айланди. Бу ғурур берувчи ҳол.” Табиий, у отаси ҳам шундай мактабни битирганини айтиб ўтишни эсдан чиқармади.

Хуллас, ҳозир ҳокимиятда бўлган исломчилар келажакни Имом-Ҳатибларда, очиғини айтса, Туркияни исломий давлат сифатида кўрмоқдадар.

Балки, бу – Сумаеййенинг, отаси каби яхши ниятидир. Аммо, улар исломий давлатга қайтиш ўрта асрларга қайтиш бўлишини кўролмаяптилар. Улар айнан диний давлатчилик ҳар қандай ривожланиш йўлида тўсиқ бўлишини, буни вақтида идрок этган насронийлар дунёвий давлат яратиб, дунёни ҳозирга даражага олиб чиққанини тушунмаяптилар. Кўринишидан, ҳеч қачон тушунмайдилар.

Туркияда дунёвийчилар осонликча исломчиларга таслим бўлмасликлари шубҳасиз. Демак, Туркиянинг йўлида катта кураш, балки, оғир қонли кунлар чиқиши мумкин.