11 April 2015
08:33 - Абдураҳим Пўлат: Туркия Президенти Ражаб Эрдўғон исломнинг парчаланишидан эмас, йўқ бўлишидан хавфсираши керак
Ражаб Эрдўғон шу кунларда Эронга расмий ташриф билан бориб келгандан кейин оддий мусулмонлар учун кутилмаган баёнотлар бергани ҳақида Туркияда чиқадиган “Ҳуррият” ва “Сабоҳ” газеталари ва бир қатор чет эл агентликлари хабар тарқатдилар. Хабарларда айтилишича, Эрдўғон Эрондан қайтгач, журналистлар билан ёпиқ эшиклар орқасида учрашув ўтказибди. Журналистлар билан ёпиқ эшиклар орқасида учрашишнинг нима маъноси борлигини тушуниш қийин, аммо бугунги аҳвол шунақа.

Хуллас, ўша учрашувда Ражаб Эрдўғон суннийлар билан шиалар ўртасидаги қарама-қаршилик туфайли Ислом дини парчаланиш хавфи остида қолганини айтибди.

Ана холос, ислом дини бу икки мазҳабга бўлингандаёқ парчаланиб бўлганку. Қуръоннинг ҳозирги қабул қилинган тафсирига кўра, давлат исломий бўлиши керак. Суннийларга кўра, сунний давлат, шиаларга кўра, шиа давлати бўлиши керак. Эронда шиалар мутлақо кўпчилик бўлгани сабабли у ерда шиалар давлати мавжуд, суннийлар кўпчилик бўлган мамлакатларда сунний давлатлар ҳукмдорлик қилмоқда. Ироқ, Ливан, Сурия, Яман каби шиаларнинг ҳам, суннийларнинг ҳам сони кўп бўлган мамлакатларда шиа-суннийларнинг қарама-қаршилиги яқин орада битмаслиги ҳам маълум.

Буюк Отатурк дунёда биринчи марта Туркияда дунёвий давлат яратди. Ҳозир Эрдўғон раҳбарлигидаги Адолат ва Тараққиёт Партияси Туркияни диний, яъни сунний давлатга айлантириш орзуси билан яшамоқда. Туркия расман дунёвий давлат сифатида қолаётган бўлса ҳам, ҳокимият исломлашиб, тўғрироғи, суннийлашиб бўлди. Шу сабабдан Туркия раҳбарияти Яманда суннийларни қўллаб-қувватламоқда, Эрон ўз-ўзидан маълумки, шиаларни қўллаб қувватлаши керак эди, айнан шундай қилмоқда. Айнан шу сабабдан Туркия-Эрон муносабатлари совуқлашмоқда, келажакда бундан ҳам баттар бўлишини кутиш керак.

Яъни, ҳозир ислом динида мазҳаблар бўлинишидан келиб чиқувчи парчаланишдан бошқа парчаланиш йўқ. Яманда суннийлар ғалаба қозонадими ёки шиалар, унчалик катта фарқи йўқ, Ислом дунёсида катта ўзгариш бўлмайди. Эрдўғоннинг парчаланиб бўлган Ислом динининг парчаланиши ҳақидаги иддаолари ножиддийдир.

Аслида, ислом дини ҳозир бошқа хавф остидадир. Йўқ бўлиш хавфи остида.

Қуръоннинг хато тафсири остида давлат исломий бўлиши кераклиги, шариат қонунлари билан яшаши кераклиги ҳақидаги фикр олға сурилар экан, ислом дунёсининг ҳеч қандай келажаги йўқ. Уни бу хавфдан қутқариш учун исломда инқилобий ислоҳотлар қилиш, Қуръонни янгидан тафсир қилиб, давлат диний, демак, исломий ҳам бўлолмаслигини, давлат дунёвий бўлиши кераклигини тан олишдир.

Бу биринчи қадам бўлади. Кейинги қадамларда ислом динининг ягона фарзи имон эканлигини, шунгача фарз деб ҳисобланиб келаётган 5 маҳал номоз, рўза тутиш, хвж қилиш ва закотни - қилинса савоб, қилинмаса гуноҳ бўлмаган амалиётларга айлантиришдир.

Шундай қилинмаса, мусулмонлар бошқаларнинг мардикори ёки хизматкори бўлиб яшашга маҳкумлар. Бу нарса ислом динини ўлимга олиб келаши муқаррар.

Демак, динимзни ҳалокатдан қутқаришнинг ягона йўли – юқорида айтилган ислоҳотлардир. Шундай ислоҳотлардан кейин, аслида ҳокимият учун курашаётган шиалар билан суннийлар ўртасидаги қарама-қаршилик иккинчи ёки учинчи даражали нарсага айланиб қолади. Минг афсуски, Турк дунёси тушунчасини ҳам унутиб, араб дунёсига лидерлик қилиш ҳаёли билан яшаётган Туркия Президенти Ражаб Эрдўғон бундай нарсаларни тушунишдан ҳали узоқда. У Исроилга бир неча тош отсам, араблар мени бошларига қўядилар деган умид билан яшаётганга ўхшайди.