09 April 2015
02:18 - Икки турк журналисти Муҳаммад пайғамбарнинг ҳажвиявий расмларини чоп этишда айбланмоқда
Мълумки, шу йил 7 январь куни исломчи террористлар Муҳаммад пайғамбарнинг ҳажвиявий расмларини чиқарган французларнинг Charlie Hebdo номли ҳажвия газетаси офисига ҳужум қилиб, 12 кишини ўлдиришган эди. Ўша кунлари бу воқеалар бўйича мақола ёзган Туркиядаги обрўли дунёвий “Жумҳурият” газетасининг икки журналисти Charlie Hebdo газетасидан олинган расмларни ҳам ишлатишган экан. Уларнинг мақоллари пайғамбарнинг ҳажвия расмлари билан 13 январда чоп этилган.

Шу масала бўйича гўёки 1 минг 280 кишининг аризаси бўйича текширувлар ўтказган Истанбул прокурори ўша журналистлар Ҳикмет Четиқоя ва Жейда Қаранни (улар расмда) “халқнинг бир қисми тан олган диний қадриятларни ҳақорат қилиш” айби асосида 4,5 йилгача озодликдан маҳрум этиш талаби билан жиноий иш ҳозирлаб, уни судга топширибди. Бу ҳақда кеча “Жумҳурият” газетасининг ўзи хабар тарқатди.

Туркияда ҳозир бу икки журналистнинг қамалишинигина эмас, уларни тош бўрон қилинишини истайдиган кесим бор. Лекин, унга қарши бўлган тескари фикрли кесим ҳам йўқ эмас. Демак, бу иш судда кўрилишга бошласа, бу икки кесимнинг қарама-қаршилиги юксак даражага кўтарилиши шубҳасиз.