06 April 2015
21:43 - Ижтимоий тармоқларга тарқалган даҳшатли ҳодиса ўзбекларни ортиқча ташвишлантирмаяпти
Қатор ижтимоий тармоқларда ўрисларнинг kam24.ru нашри томонидан тарқатилган хабар ва унга бириктирилган видеолавҳа оммабоп бўлиб кетди. Лавҳада 4 апрель оқшомида Россиянинг Петропавловск-Камчатка ҳудудидаги “Галант-Плаза” савдо марказининг юқори қаватидан 33 ёшли ўзбек йигитининг полиция таъқибидан қочиб, йиқилиб ўлгани акс этган. Аммо Қирғизистон жанубидаги одамхўрликни бамайлихотир кутиб олган ўзбекларни бу ҳодиса ҳам жунбушга солгани йўқ.

Кam24.ru нашри хабарида айтилишича, марҳум Камчатка ҳудудида мардикорчилик билан тирикчилик қилаётган ва шу бинода ишлаётган экан. “Полиция ходимлари икки меҳнат мигранти жанжаллашаётгани боис воқеа жойига етиб борган. Улардан бири қоча туриб, бино юқорисидан сакрамоқчи бўлган ва пастга қулаган. Шу жойнинг ўзида ўлган ва уларнинг иккинчиси ҳибсда сақланяпти”, деб ёзмоқда ўрис матбуоти.

Бунга ўхшаш хабарлар жуда кўп. Масалан, яна ўша kam24.ru нашрининг шу йил 2 март куни тарқатгани хабарига кўра, ўзбекистонлик нолегал мигрант полициядан қочар экан, 2 ёшлик болани гаровга олиб, полиция ўзига қочиш имкони берса, болани қўйиб юборишга ваъда берган, аммо полиция уни ушлаб олган (расмда). Ҳозир у суд ҳукми билан 3,5 йилга озодликдан маҳкум қилинди.

Мана ўзбекнинг аҳволи. Ўзбек ёшларининг аҳволи.