03 April 2015
07:06 - Исроил Эроннинг ядровий программаси масаласида ҳам АҚШга қарши чиқди

Исроил Бош вазири Бенямин Натаняху Филистон давлатини тан олмаслигини айтиб, АҚШ билан қарама-қарши позицияда турганини кўрсатган эди. Энди Эроннинг ядровий программаси бўйича Лозаннада Эрон ва “олтилик”нинг келишуви масаласида ҳам шундай бўлмоқда.

АҚШ Президенти Барак Обама Лозанна келишувини тарихий деб баҳоловчи баёнотида “Бу келишув Эроннинг ядровий қурол яратиш ҳаракатини тўхтатади. Ваҳолангки, аввалги буюк санкцияларга қарамасдан, Эрон ядровий программасидан воз кечмаган эди” дебди.

Аммо, Исроил Истиҳборот (Разведка) вазири Ювал Стейниц (расмда) бу масалада ижобий натижа бўлишига шубҳа билдириб, қуйидагиларни ҳам қўшимча қилди: “Эроннинг ядровий программасига дипломатия ва истиҳборот йўллари билан курашишдан ташқари, керак бўлса, ҳарбий ҳаракатларни ҳам кун тартибидан чиқармаймиз. 1981 йили Ироқнинг Ядровий марказини йўқ қилганимизда АҚШ билан маслаҳатлашмаганимиз”. Унинг охирги сўзлари кўрсатмоқдаки, Исроил Эрон ўз ядровий программасидан воз кечмаса, АҚШ билан маслаҳатлашиб ўтирмасдан, Эроннинг ядровий марказларини ҳарбий йўл билан йўқ қилишга тайёр.