01 April 2015
18:25 - Филистин Халқаро Жиноий Судга қўшилди, аммо...
Жаҳон ахборот воситалари Филистин расман Халқаро Жиноий Судга қўшилганини билдирдилар. Баъзи таҳлилларда энди Филистон учун Исроилга қарши жиноий ишлар очиш имконияти туғилгани урғуланади. Филистиннинг бу Судга қўшилиш маросими Филистон Рим Статути номли ҳужжатни қабул қилганидан кейин 90 кун ўтгач ёпиқ эшиклар орқасида бугун ўтказилибди.

Аммо, шуни ҳам билдириш керакки, дейди “Ҳаракат” мухбири, АҚШ, Исроил каби 41 давлат бу Судга қўшилмаган, 31 давлат қўшилган бўлса ҳам, қўшилиш ҳақидаги ҳужжатни ратификация қилмаган. Демак, бу давлатлар Халқаро Жиноий Суд ишида қатнашмайдилар, унинг ҳукмларига бўйсунмайдилар.

Эслатиб ўтиш керакки, қароргоҳи Гаага шаҳрида жойлашган Халқаро Жиноий Суд 1989 йили қабул қилинган Рим Мақоми номли ҳужжат асосида 2002 йил 1 июлдан бери фаолият олиб боради. Бу суд геноцид, ҳарбий жиноятлар, инсонийликка қарши жиноятлар ва босқинчиликга маъсул бўлган шахсларнинг Рим Мақоми кучга киргандан кейинги жиноятларини кўриши мумкин.

Нима бўлганда ҳам, бу воқеа Филистиннинг давлат мақомини тан олиш йўналишидаги яна бир қадам бўлди.