30 March 2015
03:14 - Ўзбекистон диктаторининг президентлик ваколатларини чўзиш учун уюштирилган масхарабозлик ўйини тамом бўлди
Ҳа, айнан шундай, Ўзбекистон бошига Лубянка тарфидан 1989 йил июнь ойида ўтқазилган тожик аслли Ислом Карим ўзининг президентлик ваколатларини кеча сайловлар деб аталган масхарабозлик ўйини билан яна бир марта узайтириб олди. У аввал Ўзкомпартия секретари эди, кейин Кремлнинг топшириғи билан ўзини СССРдаги республикалар ичида биринчи бўлиб президент деб эълон қилди. Эътибор беринг, Ислом Карим нимагадир бу “оламшумул” воқеа билан ҳеч мақтанмайди. СССР парчаланиб, ҳамма қатори Ўзбекистон мустақил бўлиб қолгандан кейин ўзини мустақиллик отаси қилиб кўрсатишга уринди, ҳозир буни ҳам эсламайди.

Яна бир неча соатдан кейин аввалдан тайёрлаб қўйилган натижалар эълон қилинади. Ироқ диктатори Саддам Ҳусайин охирги марта президентлик сайловлари ўтказганда, ўзи тўппа-тўғри 100 фоиз овоз олганини, биронта одам ҳам ўзига қарши овоз бермаганини эълон қилинган эди. Ислом Карим қандай рақамлар эълон қилади?

У қандай натижаларни эълон қилиши ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас, барибир уларга ўзидан бошқа одам ишонмайди. Халқаро ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотлар тарафидан дунёнинг энг ёмон 10 та диктаторликлар рўйхатига киритилган Ўзбекистондаги сайловларнинг ҳақиқий сайлов эканлигига ишонадиган биронта сиёсатчи топилмаслиги ўз-ўзидан маълум.

Ҳозир Ислом Каримнинг ягона мақсади – шу курсида ўтириб нарига дунёга етиб олиш. Унинг на Ўзбекистон, на ўзбек халқининг эртанги куни билан иши йўқ. Шу маънода Ислом Карим жаҳонда ўхшаши йўқ диктатордир. Чунки, дунёнинг ҳамма диктаторлари, керак бўлса, фарзандларини қурбон қилиб бўлса ҳам, масалан, русларнинг Иван Грознийси каби, буюк давлат, келажакда из қолдирадиган давлат яратиш учун курашдилар.

Ўзбекистон эса Ислом Карим раҳбарлигида дунёни ёки Осиёни қўйиб туринг, ҳатто Марказий Осиёда ҳам ҳеч қандай таъсир кучи бўлмаган мамлакатга, ўзбек миллати эса мардикорлар тўдасига айланди. Энди Марказий Осиёда руслар зўрлаб отдан туширган қозоқлар бош роль ўйнамоқда.

Хўш, Ал Хоразмий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек ва Бобир авлодлари бўлган ўзбеклар бу аҳволдан норозимилар, ўзларини камситилган ҳолга тушганларидан роҳатсизмилар? Йўқ, Ҳозир ўзбеклар бугунги овқатидан бошқа нарсани ўйламайдиган, миллий ғурур ва умуман миллий туйғулардан узоқлашган подадир.

Аммо, бу подани қайтадан миллат қиламиз деган “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат каби ўзбеклар кам бўлса ҳам бор. Тарих кўрсатадики, буюк ишларни айнан камчилик қилган. Бу сафар ҳам шундай бўлади. Айнан бугун камчилик бўлган “Бирлик” ўзбекларни қайтадан миллат, Ўзбекистонни қайтадан, фақат қўшнилар эмас, бутун дунё ҳисоблашадиган кучли давлат қилади.