30 March 2015
01:19 - Швецариянинг Лозанна шаҳрида Эрон ва “олтилик” давлатлари ташқи ишлар вазирларининг йиғилиши битмади, давом этади

Йиллардан бери Эроннинг ядровий программасининг қурол яратишга қаратилган қисмини тўхтатиш бўйича Эрон ва “олтилик” деб ном олган давлатларнинг музокаралари давом этмоқда. Кеча Швецариянинг Лозанна шаҳрида бундай учрашувларнинг навбатдагиси бўлиб ўтди. Жаҳон ахборот воситалари йиғилиш ичидаги ўз манбаъларига асосланиб, музокараларда жиддий олға кетиш бўлганини билдирмоқдалар. Айни замонда, йиғилишда қатнашаётган ташқи ишлар вазирлари сешанба кунигача Лозаннада қолиб, музокараларни давом эттиришга келишганлари ҳам маълум бўлди.

Эслатиб ўтиш фойдалидирки, йиғилишда Эрон ва “олтилик” деб аталаётган Франция, Германия, Россия, Буюбритания, Хитой, АҚШнинг ташқи ишлар вазирлари ҳамда музокаралар координатори деб айтилаётган ЕИнинг халқаро масалалар ва хавфсизлик сиёсати бўйича комиссари Федерика Могерини қатнашмоқдалар.

“Ҳаракат”нинг фикрича, 12 йилдан бери давом этаётган бу музокараларнинг натижаси бўлмайди. Ҳатто, Эрон ядровий қуроли яратиш фикридан воз кечиш бўйича қандайдир шартнома имзоласа ҳам, бунга ҳеч ким, биринчи навбатда, “олтилик”га кирувчи давлатларнинг ўзи ҳам ҳеч қачон ишонмайдилар. Бу диний фанатикларга ишонадиган аҳмоқнинг ўзи йўқ. Россия эса, айниқаса, Украинадаги воқеалар туфайли, Ғарбга қасд қилиб Эронни ядровий қуролга эриштириш учун қўлидан келган ҳамма нарсани қилади. Путин учун Эрон - АҚШ ва Ғарбга қарши муҳим қуролдир, агар Ғарб Путинни тиз чўктиришга мажбур қилса, Эрон Путин билан биргаликда ўз-ўзини ўлдиришга тайёр бўлган ўлимчи-террористдир.

“Олтилик” буларни тушунмаслиги мумкин эмас. Унинг мақсади – шундоқ ҳам мураккаб муаммолар ичида қолган жаҳонни ядровий урушдан қутқариш йўлида, ҳеч бўлмаса, вақтдан ютишдир.

Қаранг, русларнинг давлат хабар агентлиги “Новости” Лозаннадаги учрашувларга доир хабарига Эроннинг байроғини қўйган, учрашув қатнашчиларининг расмини эмас.