29 March 2015
20:32 - Эронда Муҳаммад пайғамбар ҳақида кино олинди. Буёғи нима бўлади?

Ассошиэйтед Пресс агентлигига асосланиб тарқатилаётган хабарларда айтилишича, Эронда Нуртабон номли хусусий киностудияда Муҳаммад пайғамбар ҳақида янги кино олинди. Киностудия раҳбари Муҳаммад Маҳди Ҳайдаржон 190 дақиқалик пайғамбарнинг ёшлик йилларини кўрсатувчи фильмни яратиш учун бир йилда 30 млн доллар пул сарфлабди.

“Муҳаммад, Оллоҳнинг Расули” номли фильмда, табиий, Исломда ҳозирча қабул қилинган одатга кўра, пайғамбарнинг юзи ҳеч кўрсатилмайди. Чунки, биз бу улуғ инсон ҳақидаги фильм турли кераксиз баҳсларга сабаб бўлишини истамадик, дейди бу ҳақда фильм режисёри Мажид Мажидий.

Аммо, баҳслар бошланиб бўлибди. Ислом дунёсидаги энг машҳур ва обрўли Мисрдаги Ал-Азхар Университети бу фильм Оллоҳнинг расулларини муқаддас мақомини бузишини рўкач қилиб, февраль ойида Эрон расмийларини бу фильмни таъқиқлашга чақирибди. Ҳозирча ҳеч ким бу чақириққа эътибор бераётгани йўқ. Аксинча, фильмнинг ярутувчилари уни шу йилнинг ёз ойларида араб, форс ва инглиз тилларида Эронда ва чет эллардан намойиш қилишни бошлашмоқчи.

Қизиқ, бу кино фильмни шу йил кузда Қозонда бўладиган Халқаро мусулмон кино фестифалида кўрсатишга журъат қилишармикан? Кўрамиз.