28 March 2015
18:06 - Cунний арабларнинг Ямандаги шиа-хусийларга қарши уруши давом этади, ўзбекларга дарс бўлсин!
Бугун Мисрнинг Шарм эш-Шайх шаҳрида ўтказилган Араб Давлатлари Лигасининг йиғилишида қатнашган Яман Президенти Саудия бошчилигидаги коалицияни ўз мамлакатини босиб олган жангарилардан тозаламагунча урушни тўхтатмасликка чақирди. Саудия қироли ҳам айнан шунай қилиш ниятида эканликларини билдирди.

Яманда ҳозир нима бўлаётганини ҳам аниқ билиш қийин. Саудия бошчилигидаги коалиция ҳозирча пиёда қўшинларини Яманга киритмоқчи эмас, коалициянинг ҳарбий учоқлари шиа жангариларнинг позицияларини осмондан бомбардимон қилиш билан овора. Жангарилар ичида ҳам, тинч аҳоли ичида ҳам қурбонлар кўп.

АҚШ бу операцияга аралашмоқчи эмас, аммо ташқаридан қўллаб-қувватламоқчи.

Яман Президенти Араб Давлатлари Лигасининг йиғилишидан кейин Саудия Арабистони қироли билан, унинг учоғида Эр-Риядга учиб кетди. У ҳозирча уруш ичидаги мамлакатига қайтмоқчи эмас.

Адендаги кўп мамлакатларниннг дипломатик ходимлари ва БМТнинг одамлари Саудия кемаларида Жидда шаҳрига эвакуация қилинди. Демак, катта қонли воқеалар кутилмоқда.

Ямандаги воқелар ҳаммага, жумладан, ўзбекларга ўрнак бўлиши керак. Жамиятдаги бор муаммолар вақтида ҳал қилинмасда, охир-оқибатда портлаш бўлади. Дунёда бундай жойлар кўп, аммо биз учун муҳим бўлгани ўз мамлакатимиз Ўзбекистондир. Биздаги ички муаммолар даҳшатлилик даражаси билан Ямандан қолишмайди. Тўғри, Ўзбекистонда мазҳаблараро муаммо йўқ. Аммо, ўзбек миллатининг келажаги билан боғлиқ муаммолар, ислом экстремистлари муаммоси, Тожикистон ва Қирғизистон билан бор бўлган муаммолар шулар жумласидандир.