04 March 2015
11:47 - Тожикистонда янги парламент сайланди, исломчилар биронта жой ололмади
Ҳозир ҳамма ерда мода бўлгани каби, Тожикистонда ҳам икки палаталик парламент – Олий Мажлис мавжуд. Унинг қуйи палатаси – 63 ўринли Вакиллар Палатаси халқ томонидан сайланади, юқори палатаси – 33 ўринли Миллий Кенгашнинг 25 аъзоси маҳаллий кенгашлар тарафидан сайланади, 8 аъзоси президент тарафидан тайинланади.

Ўтган якшанба куни Вакиллар Палатасининг депутатлари сайланди. Демократиядан узоқ бўлган Тожикистонда бу сайловларни сайлов деб айтиш ҳам ножиддийликдир. Аммо, қўшни мамлакатдаги сайлов натижаларини билишимиз керак.

Марказий Сайлов Комиссияси ҳали узул-кесил бўлмаган натижаларни кеча эълон қилди, узул-кесил натижалар ҳам шунинг ўзи бўлишига шубҳа йўқ.

Сайловда 8 партия қатнашган, ҳокимиятдаги Халқ демократик партияси яна ҳокимиятда қолади, депутатларнинг мутлоқ кўпчилиги шу партия аъзоларидир. Қолган жойлар майда-чуйда партияларга тегибди. Аммо, муҳим бўлгани - Ислом Уйғониш Партияси биронта ҳам жой ололмаган. Бу партия лидери Муҳиддин Кабирий сайлов натижаларини тан олмаслигини бидирди, аммо бунга ҳеч ким эътибор ҳам бермаса керак.

Хуллас, Тожикистонда, ўзимизда каби, парламент сайловларининг ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Парламент Имомали Раҳмоннинг қўлидаги қўғирчоқдан бошқа нарса эмас. У ўлмагунча Тожикистонда бир нарса ўзгаришини кутиш ножиддийлик бўларди. Ўлгандан кейин ҳам бирон нарса ўзгаришини кутиб бўлмайди.Чунки, Тожикистонда жамият, худди ўзимида каби, ўта ибтидоий аҳволда. Ҳеч бўлмаса, “Бирлик” Партияси каби уюшган куч ҳам йўқ ва яқин орада бўлмайди.