03 March 2015
08:18 - Украинада эски режим судьяларини қамаш бошланди, ўзбек судьялари тайёрланавериши кераклиги ва Абдураҳим Пўлатнинг хотиралари

Украина ахборот воситалари билдиришича, Олий Суд Виктор Янукович замонида мухолифатчиларга қарши ҳукмлар чиқарган уч судьяни ҳибсга олишга рухсат берди. Булар Сергей Вовк, Виктор Куцюк ва Оксана Царевич исмли судьялар бўлиб, улар, жумладан, Виктор Юшченко президентлигида Бош вазир ва Ички ишлар вазири лавозимларида ишлаган Юлия Тимошенко ва Юрий Луценкони Виктор Януковичнинг буйруғи билан сохта айбномлар остида қамаш ҳақида ҳукм чиқарган эдилар.

Билмаганлар учун эслатиш керакки, масалан, Юрий Луценко энди вазир бўлган кунлари ўша пайтда Киевда яшаётган “Бирлик” Партиси раисининг ўринбосари Исмол Дадажон билан кўришишдан ҳам чекинмаган мард одам эди.

Виктор Янукович замонида мухолифатчиларига қарши оммавий суд ишлари олиб борилган, кўп мухолифатчилар қамалган эди. Мана энди ўша пайтда судьялик лавозимида ўтириб режимга хизмат қилганлар жавоб берадиган вақт келди.

Ҳеч шубҳасиз, вақти келади, Ўзбекистонда ҳам шундай бўлади. Ҳозир, адлия системасида, ҳуқуқ тартибот органларида фуқаролларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан эмас, Ислом Карим режимнинг топшириқларини бажариш билан банд бўлганлар жавоб берадиган вақт яқинлашиб келмоқда.

Шу муносабат билан битта воқеани эсламоқчиман, дейди “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат. Ҳамма биладики, 1991 йил 19 августда СССРда давлат тўнтариши бўлди. Ўзини ГКЧП деб атаган гуруҳ мамлакат Президенти Михаил Горбачевни Қора денгиз бўйида дам олаётган пайтда ҳибсга олиб, Москвада ҳокимиятни ўз қўлига олди. Ислом Карим дарҳол ГКЧПни тан олди.

20 август куни Ёзувчилар Уюшмаси биносида “Бирлик” Марказий Кенгашининг Ҳайъати менинг раислигимда мажлис ўтказди ва бўлган воқеани давлат тўнтариши деб баҳолаб, ГКЧПни тан олмаслигини эълон қилди.

Ҳамма тарқайбошлаганда, бир неча автобусда келган миршаблар уч кишини ушлаб кетдилар – мени, адвокат Миролим Одил ва журналист Анвар Усмонни. Кейин нима учундир Анварни биздан айриб, кейин билсак, 10 кунга қамадилар. Мени ва Миролимни кечасигача Тошкент прокуратурасида сўроқ қилиб ушлаб ўтириб, ярим кечаси ҳозирги Улуғбек туман судига олиб келдилар.

Тахминан 30 ёшлардаги судьяни, унинг исми ҳозир эсимда йўқ, Миролим адвокат бўлгани учун яхши танир экан. Судья гапнинг пўст калласини айтақолди – унга бизни 1 ойга қамаш буйруғи берилган. Марказкомда унинг қарорини кутиб ўтиришибди, у тезда ҳукм чиқариб, уларга рапорт бериши керак. Биз унга шундай дедик: “Бу ГКЧПнинг умри бир ҳафтага ҳам бормайди. Ундан кейин сан жавоб берадиган вақтинг келади. Адлия системасидан умрбодга ҳайдалашинг турган гап.”

Судья ўйланиб қолди, яна бироз гаплашдик. Ниҳоят у шундай деди: “Сизларни шундоқликча қўйиб юборолмайман. 3 минг рублдан штраф солиб, қўйиб юбораман.” У шундай қилди ҳам. Аммо, бизни бу ерга олиб келган милиционерлар қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилишди. “Бизга буларни қамоқхонага олиб бориш буйруғи берилган ва олиб борамиз”, дейишди. Шунда судья ростдан ҳам мардлик қилди ва миршабларга кескин гапирди: “Мен бу ерда судьяман, қани бўларга тегиб кўрларингчи, нималар қилмайман сенларга қарши.”

Хуллас, бизни қўйиб юборишди. Аммо, эрталаб бундан хабар топган Ислом Карим дарғазаб бўлиб, “қамаларинг уларни” деб бақириб-чақирибди. У замонда ҳокимиятда ҳам биз тарафдорлар бор эди. Бу хабарни бизга етказишди, биз дарҳол қочдик. Бизни автомобилда қувлашди. Бу ҳақда хотираларимда тафислотлари билан ёзганман, биз қочиб қутилдик ва Чимкент орқали Москвага келдик. Бу пайтда, яъни ГКЧПнинг учинчи куни у йиқитилган эди.

26 август куни “Тошкент оқшоми” ва “Вечерный Ташкент” газеталари ҳеч қандай комментарийсиз қисқа хабар тарқатдилар: “Куйбишев туман судининг 20 августда Абдураҳим Пўлатов ва Миролим Одиловлар бўйича чиқарган ҳукми Тошкент шаҳар суди тарафидан бекор қилинди.” Ваҳолангки, биз Москвада эдик, Тошкент шаҳар судига мурожаат ҳам қилмагандик. Аммо, эс-песи чиқиб кетган Ислом Карим орқага чекинишга бошлаган эди.

Мен кўп марта айтган гапимини қайтараман. Биз ўша пайтда Ислом Каримдан кучлик эдик. Аммо, миллат ичида хира пашшадек кўплигини ҳаёлимизга ҳам келтирмаган хоин-ҳаромийлар Ислом Каримга сотилиб, мамлакатимизда у киши раҳбарлигидаги тожиклар режимини мустаҳкамлаб беришди. Тахтини мустаҳкамлаб олгандан кейин, Ислом Карим у хоинларни бир тепиб улоқтиргани, уларни оқлай олмайди.

Ўша йиллари “Бирлик” раҳарлигида ўзбек миллатининг ўз тақдири учун тарихда биринчи марта курашга чиққани - юз йилларда бир бўладиган воқеадир. Ҳозир мухолифатчиликка даъво қилаётган турли ҳаромийлар тўгарак каби нарсалар қуриб, ўзларича “Бирлик” қилган ишни осонликча такрорлаймиз деб юришибди. Бўлмайди.

Биз буни яхши тушунганиммиз учун “шок терапияси” усуллари билан қилиб бўлмайдиган ишни қилмоқдамиз, яъни ўзбекларни қайтадан миллат қилиб, “Бирлик “атрофида бир неча ўн йилдан кейин қайтадан оёққа турғазиш устидан ишламоқдамиз ва шундай қиламиз.