01 March 2015
18:09 - Москва ва бошқа шаҳарларда Борис Немцовнинг хотирасига бағишланган оммавий юришлар бўлмоқда
Москвадаги юриш шаҳар ҳокимлиги билан келишган ҳолда Славянск майдонидан бошланди. Бу майдонга келиш йўллари ва юриш бўладиган кўча ва майдонларнинг ҳаммаси полиция тарафидан ўраб олинган.

Маҳаллий вақт билан соат 15 ларда юриш бошланди. Одамлар Китайгород (Хитойшаҳар)
майдони ва ўлим содир бўлган Москварецк кўприги устидан ўтиб, сўнгги йилларда мухолифат митингларининг рамзига айланган Болотное майдонида тарқалишлари керак.

Намойишчилар ичида мухолифат лидерлари, жумладан, собиқ Россия Бош вазири, Борис Немцов билан РПР-ПАРНАС партиясининг раисдоши бўлган Михаил Каьянов, “Яблоко” партиясининг маънавий лидери Григорий Явлинский ва бошқалар бор. 15 кун уй қамоғига ҳукм қилинган Алексей Навальний, табиий, бу ерда йўқ.

Одамларнинг қўлида байроқ ва транспарантлар кўп, аммо ҳамма жим кетмоқда. Полиция билан ҳеч қандай қарама-қаршилик бўлмади.

Ташкилотчилар бу акцияда 50 мингга яқин одам қатнашаётганини айтмоқдалар, полиция расмийлари ҳар доимгидек қатнашчилар сонини оз қилиб кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Уларга кўра, қатнашчиларининг сони 7 минг атрофида.

Бу оммавий юриш матамсаро тадбир бўлгани сабабли, митинг бўлиши режалаштиримаган эди. Аммо, Немцов ўлдирилган кўприк устида “сукунат дақиқаси” ўтказилди, Михаил Каьянов қисқа нутқ сўзлади ва жумладан шундай деди: “Бу ерда 1,5 кун аввал ифлос жиноятчилар Борисни орқасида отиб ўлдирдилар. Ҳақиқатчи бўлгани учун ўлдирдилар. Энди бу кўприкнинг номини “Немцов кўприк” деб ўзгартириш керак.”

Россиянинг бошқа шаҳарларида, масалан, Санкт-Петербург ва Воронежда ҳам шу каби юришлар бўлмоқда.

Бу ва рус сайтларида тарқатилган бошқа расмлардан кўриниб турибдики, Москвадаги намойишчиларнинг сони 50 мингдан ҳам кўп.