29 January 2015
05:47 - Туркия президентининг матбуот котиби биринчи матбуот конференциясини ўтказди, Ўзбекистонга ўрнак бўлсин
Бу мамлакатнинг ахборот воситалари тарқатган хабарга кўра, кеча Туркия Президенти Ражаб Эрдўғоннинг матбуот котиби Иброҳим Қалин тарихда биринчи марта матбуот конференцияси ўтказибди. Аввал ҳам Туркия президентларининг матбуот котиб бўлармиди, деган саволга бу хабарлардан жавоб тополмайсиз. Лекин, мантиқан тушуниш мумкинки, бундай лавозимнинг ўзи бўлмаган, бўлса эди, матбуот котиби матбуот конференцияси бериб бормасмиди?

Иброҳим Қалин Ражаб Эдрўғоннинг шу кунларда Сомалияга қилган ташрифи, Францияда Charlie Hebdo газетасига қарши уюштирилган террористик ҳужум, Юнонистондаги парламент сайловлари, бу йил нишонланадиган Чаноққала урушининг 100 йиллиги ва бошқа мавзуларда тушунтиришлар берибди. Европа мамлакати ҳисобланадиган Туркияда эндигина президентнинг матбуот котиби ўртага чиқиши одамни ҳайрон қолдиради. Аммо, нима бўлганда ҳам, буни олқишлаш керак.

Маълумки, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримнинг номигагина бўлса ҳам матбуот котиби бор, аммо у бирон марта матбуот конференцияси ўтказмаган ва унинг вазифаси нималиги ҳам номаълум. Тахмин қилиш мумкинки, у Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситаларининг Ислом Карим номидан иш олиб борадиган норасмий бош цензори бўлса керак.

Ислом Карим Ражаб Эрўғондан ўрганиб, ўз матбуот котибини маданий ва замонавий мамлакатлардаги матбуот котиби сифатидан ишлатишни бошласа, бу ҳам олқишга сазовор воқеа бўларди.