26 January 2015
21:15 - “Бирлик” ва “Ҳаракат” яна ҳақ чиқди: Ҳамма динларда саводсиз одамлар муқаддас китобларни тўғри тушунишмайди
Маълумки, “Бирлик” ва “Ҳаракат” Ислом динининг чаласавод муллалари ҳалигача муқаддас Қуръонни тўғри тушунолмаганларини ва шу сабабли мусулмонлар ҳалигача Қуръоннинг ўрта асрлардан олдин қилинган хато тафсири билан яшашга мажбур қолаётганларини гапириб ва ёзиб велмоқда. Айнан ўша хато тафсирга асосланиб, мусулмонлар яшайдиган давлат исломий бўлиши, яъни шариат қонунлари билан яшаши шартлиги айтилади.

Ваҳолангки, давлат принцип ўлароқ исломий бўлолмайди. Чунки, автомобиль транспорт воситаси, телефон алоқа воситаси бўлгани каби, давлат бошқарув воситасидир. Бу воситаларни диний қиламан деб ўйлашнинг ўзи кулгили. Мусулмонлар шу кулгили догмаларга асосланаётганлари сабабли, дуёнинг энг қолоқ қисмига айландилар. Мусулмон мамлакатларида ривожланиш фақат Ғарбнинг ғоялари, Ғарб ишлаб чиқаётган замонавий техник воситалардан фойдаланиш ёрдамида бўлмоқда. Демак, бу кетишда, Ислом дунёси қолоқликдан чиқолмайди.

Ҳозир маълум бўлишича, насронийларда ҳам бундай касаллик, яъни муқаддас Инжилни тўғри тушунмаслик, хато таҳлил қилиш касалиги бор экан. Бу касалликнинг сабаби эса, қўполроқ қилиб айтсак, саводсизлик.

АҚШнинг Калифорния штатида чиқариладиган Sociological Perspectives (Ижтимоий истиқболлар) журналидаги мақолада Инжилнинг ҳар бир сўзини тўғридан-тўғри тушуниш, унда аллегория (мавҳум тушунчаларни турли образлар ёрдамида ёритиш), адабий сўз ўйини ва ривоятлар борлигини пайқамаслик - литерализм деб аталган.

Америка олимлари оддий одамлар Инжилни қандай тушунишлари, ҳис қилишларини ўрганиш мақсадида кенг кўламли тадқиқиотлар ўтказиб, литерализм даражаси одамнинг билим даражасига тескари пропорционал эканлигини аниқлашибди.

Минг афсуски, мусулмонлар ичида оддий одамларни қўйиб туринг, ҳатто Ислом уламоларида литерализм юксак, яъни билим савияси жудаа паст.

Шундай қилиб, “Бирлик” ва “Ҳаракат” Ислом уламоларини чаласавод дейишганда мутлақо ҳақли эканликларини америкалик олимлар бевосита бўлмаса ҳам, билвосита исботлаб бердилар. Ҳа, бизнинг уламолар шунчалик саводсизки, улар “кўзингга қара” иборасини “кўз билан кўзга қараш” деб тушунадилар. Улардан Қуръонда араб тилида ишлатилган бундай сўз ўйинларини тўғри тушунишни талаб қилиш соддалик бўларди.

Демак, Қуръонни янги тафсирини, чаласавод уламоларни четга улоқтириб, сиёсатчилар яратиши керакмасми? Мулларимзнинг ақли кирмаса, айнан шундай қилишга тўғри келади. Аслида, ҳозир шундоқ бўлмоқда ҳам.