26 January 2015
07:31 - Буюбритания Яшиллар Партияси лидери ҳақли, ҳозир ИШИД ва Ал-Қоидага аъзо бўлиш айб эмас

ББСнинг 1-чи телеканалида Якшанба Сиёсати номли программада қатнашган Яшиллар Партияси лидери Наталия Беннетт ИШИД ва Ал-Қоида каби ташкилотларга аъзо бўлганлар жазолантирилмасликлари кераклигини айтибди.

Daily Mirror газетаси ёзишича, Наталия Беннетт, жумладан, шундай дебди: “Табиий, зўравонликни ташвиқот қилиш, зўравонликни қўллаб-қувватлашни қабул қилмаймиз. Бундай нарсалар қонун назорати остида бўлиши керак. Биз айтаётган нарса, инсонларнинг фикрлаш эркинлигидир. Бу масалада мувозанатга эҳтиёжимиз бор. Фикр эркинлигини йўқ қилиб, ҳеч нарсага эришолмаймиз”.

Бир қарашда, Беннетт хоним террорист деб ҳисобланадиган ташкилотларни оқлаётгандек бўлиб кўринади. Аммо, асл ҳақиқат ҳамма ҳам тушунавермайдиган даражада чуқур ва мураккабдир. Яшиллар Партияси лидери қайсибир маънода “Бирлик” ва “Ҳаракат” билан ҳамфикр эканлигини тушуниш керак.

“Бирлик”нинг фикри эса шундай. Ал-Қоида ва ИШИД каби ташкилотлар осмондан олинган ғояларга эмас, Қуръоннинг хато тафсиридан келиб чиқувчи ғояларга асосланмоқдалар. Бу ташкилотларнинг - мақсади исломий, яъни, шариат нормалари бўйича яшайдиган давлатлар қуриш, исломий давлатларни Халифатга бирлаштиришдир. Демак, Қуръонга асосланиб фаолият олиб бораётган Ал-Қоида ва ИШИДга қўшилган одамларни жиноятчи деб аташ, Исломга лой отиш эмасми?

“Бирлик” ва “Ҳаракат” айнан шу мантиқдан келиб чиқиб, Қуръон ўрта асрладан ҳам аввалги билимлар асосида хато тафсир қилингани, уни қайтадан тафсир қилиш кераклигини, Ислом дини, биринчи навбатда, дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилиши, яъни дин сиёсатдан айрилиши шартлигини, буни Ислом динининг ўзи тан олиши кераклигини гапирмоқда. Агар шундай қилинса, ИШИД ва Ал-Қоида каби ташкилотларнинг гўёки Қуръондан келиб чиқувчи ғоялари пуч бўлиб қолади. Ва натижада бунақа тушкилотларга кўр-кўрона кирувчиларнинг, айниқсқ, ёшларнинг сони кескин даражада тушиб кетади. Секин-аста ислом терроризми, бир вақтлар насронийларнинг муқаддас инквизицияси йўқ бўлгани каби, йўқ бўлади.

Бу осон иш эмас, аммо қилиниши шарт бўлган иш, акс ҳолда, Ислом тероризми ҳеч қачон йўқ бўлмайди. Ислом динининг келажаги мавҳум бўлиб қолади.