21 December 2014
15:17 - Cайловчиларнинг 56 фоизи ва Режимбоши овоз бериб бўлибди

Тошкент вақти билан соат 13 гача Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси ва маҳаллий кенгашларга ўтказилаётган сайловларда 56 фоиз сайловчи овоз бериб бўлибди. Табиий, бу рақам Марказий Сайлов Комиссиясига асосланиб тарқатилди.

Ўзбекистон Миллий Ахборот Агентлиги режимбоши Ислом Карим Тошкент шаҳридаги 644-сайлов участкасига ташриф буюргани ҳақида биттагина жумладан иборат хабар тарқатди ва расм илова қилди. Расмда кўриниб турибдики, ҳар доимгидек дори ва наркотиклар билан шиширилиб одамлар олдига олиб чиқилган Ислом Карим нима қилаётганини ҳам тушунаётгани йўқ.

“Бирлик” Партиясининг сайловлар бўйича 17 декабрь куни эълон қилган баёнотида айтилган фикрлар мутлақо тўғри:

“Бу сайловларнинг ҳеч қандай сиёсий аҳамияти йўқ. Чунки, ўрта аср хонликлари каби бошқариладиган Ўзбекистонда Олий Мажлис ҳам, маҳаллий кенгашлар ҳам, қўғирчиқсифат органлар бўлиб, сайловларнинг ўзи масхарабозлик ўйинидан бошқа нарса эмас...

Минг афсуски, “Бирлик”нинг иштирокисиз 21 декабрда бўладиган сайловлар мамлакатимизда ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Ўзбекистон давлатининг иқтисоди чўкишини давом эттиради. Миллионлаб ўзбеклар чет элларда ишлаб оила боқишга мажбур бўладилар, сиёсатга қизиқиш яна ҳам камаяди.

Нима қилиш керак? Жавоб битта: ғафлат уйқусидаги халқни уйғотиш, уни миллат ва давлатнинг касалликларига тўғри диагноз қўйган “Бирлик” Партияси атрофида бирлаштириш, иложи борича тезроқ кучга кириб, вақтидан аввал бўлса ҳам қонунлар йўли билан ҳақиқий сайловлар ўтказишга эришишдир.”

Мавжуд режимнинг қўғирчоқ ахборот воситалари халқ ўзининг порлоқ келажаги учун овоз бериш учун сайлов участкаларига югуриб, ўз фаоллигини кўрсатаётгани ҳақида Совет замонидан қолган баланд парвоз гаплардан иборат хабарлар тарқатмоқдалар. Чет элларда мардикорчилик қилаётган миллионлаб ўзбеклар қандай қилиб сайловда иштирок этишлари эса ҳеч кимни қизиқтирмайди. Аммо, шубҳасиз, сиёсий онги юксак бўлган ватандошларимиз сайловдан четда қолишлари мумкин эмас, улар телепатия йўллари билан бўлса ҳам сайловда қатнашадилар ва кечга яқин Марказий Сайлов Комиссияси сал кам 100 фоиз сайловчи овоз берганини эълон қилади.