19 December 2014
16:26 - Путин бизнес олдида, бизнесмен Усмонов Путин олдида тиз чўкди
Ўзбекистонда бир маҳаллар “Ўздунробита” бренди остида фаолият олиб борган “МТС-Ўзбекистон” ширкатини ҳам ўз ичига олувчи Россиянинг МТС холдинги эгаси Владимир Евтушенков 3 ой аввал ўй қамоғига ташланиб, 2015 йил 16 мартгача уй қамоғида қолиши керак эди. Сабаб - 7,7 млрд долларлик бойлиги билан Россия бойлари ичида 20 ўринда турувчи Владимир Евтушенков “Башнефть” компанияси акцияларини ўғирлаш ва ўзлаштириш айбланишидир. Бу ишлар Путиннинг рухсатисиз қилинганига ҳеч ким ишонмайди. Демак, Евтушенков энди Путиннинг назаридан четда қолдими, деган савол “Ҳаракат” тарафидан ҳам ўртага ташланганди.

Ғарбнинг санкциялари остида Россиянинг иқтисоди чўкишга бошлагач, кутилмаганда, 17 декабрь куни Владимир Евтушенков уй қамоғидан озод қилинди, Путин 18 декабрь кундаги катта матбуот конференциясида тергов органлари тарафидан Евтушенков айбсиз деб топилганини эълон қилди.

Евтушенкого тегишли компаниялар акцияларининг нархи осмонга чиқишга бошлаганини гапириб ўтириш ҳам ортиқча. Эслатиб ўтамиз, Евтушенкогонинг МТС ширкати бир оз аввал Ўзбекистонда қайтадан фаолият бошлашга ҳам рухсат олган эди.

Путин кечаги матбуот конференциясида рус бизнесменларини офшор зоналардаги капиталларини Россияга қайтаришга чақирганди. Шундай қилинса, улар Россияга катта миқдорда солиқ тўлашга мажбур бўладилар.

Путиннинг чақириғига биринчи бўлиб, Россиянинг энг катта бойи, ўзбек аслли Алишер Усмонов “лаббай” деб жавоб берди ва муҳим активларини Россияга ўтказиш ҳақидаги қарорини эълон қилди.