28 November 2014
20:51 - Рустам Азим тилга кирди: тил ҳукуматникими ёки Ислом Каримники?
Тошкентда икки кун давом этган Россия-Ўзбекистон ҳукуматлараро комиссияси мажлисида мамлакатимиз делегациясига бошчилик қилган Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Рустам Азим ўрис матбуоти томонидан ўзбекларга, айниқса, ўзбек мигрантларига нисбатан миллатчилик кайфияти, Ўзбекистонни салбий тарафдан кўрсатиш мақсади акс этган чиқишлар кўпайганидан ташвишдалигини билдирди. Бу иддао ҳукуматимизнинг ўз тилими ёки Ислом Каримнинг тилими, муҳим эмас, аксинча, бу ўзбек ҳукумати ҳам нимадандир норозилиги ифодасидир. Албатта, бу ҳолни ижобий баҳоламоқ керак.

Шунингдек, Бош вазиримизнинг биринчи ўринбосари “Ўзбекистон ўзи билан ҳамкорлик қилаётган бошқа мамлакатлардан намуна олиб, меҳнат ресурсларига бўлган ҳақиқий талабдан келиб чиқиб, юбориладиган ходимларнинг минтақалар ва касблар кесимидаги аниқ сонини кўзда тутувчи – ишчи кучини ёллашнинг маданий шаклини жорий этишни яна бир бор тавсия қилади”, дебди.

«Ўзбекистоннинг ваколатли органлари билан ишчилар сони масаласида олдиндан келишиш, ишчиларнинг доимий яшаш жойида уларнинг тайёргарлигини ташкил этиш керак, Россия ваколатли органлари томонидан эса меҳнат муҳожирининг ҳуқуқий ҳимояси, энг кам иш ҳақи тўғрисидаги талабларнинг бажарилиши, муносиб истиқомат ва маиший шароитларнинг таъминланиши, тиббий ва ижтимоий суғурта қилинишини кўзда тутувчи тартиб кафолатланиши керак», – дейди Рустам Азимов.

Эҳтимол, у ўзича ики тарафлама ўйин қилиб, Ислом Каримнинг дангасалар деб атайдиган миграцион гуруҳлар устидан назорат механизмини яратмоқчидир. Аммо мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, бунга эриша олмаслиги кундек равшан, дейди мухбиримиз. Яъни, ҳукумат Россияга кетаётган миграция гуруҳларининг барчаси фаолиятини ташкиллаштириб, уларни назоратга олишга қурби етмайди.

Бошқа тарафдан, Ўзбекистон ҳукуматининг мигрантларимиз борасида саъй-ҳаракатлари айрим таҳлилчилар тарафидан мардикорларимизга нисбатан таъқиқ ва таъқибларни яна-да кучайтириш ҳаракати ўлароқ баҳоланмоқда.