27 November 2014
07:09 - Эрдўғондан “Ҳаракат”га жавоб: Менга ҳеч ким лой отолмайди

Туркия Президенти Ражаб Эрдўғоннинг хотин ва эркакнинг тенглиги Исломга қарши эканлиги ҳақидаги 2 кун аввал айтган сўзлари дунё ахборот воситалари тарафидан, анчагина юмшоқ сўзлар билан бўлса ҳам, салбий баҳоланди. Фақат “Ҳаракат” Агентлиги ўз таҳлилларида Туркия Президентининг сўзларини қаттиқ танқид остига олиб, “Эрдўғон раҳбарлигидаги Адолат ва Тараққиёт Партиясининг асл мақсади Буюк Отатурк яратган бугунги Туркияни Эрон каби ўрта асрларни эслатувчи ислом давлатига айлантириш” эканлигини айтди.

Шу сабабли, кеча Эрдўғонниннг Туркиядаги “Мустақил Иш Одамлари Жамияти” (МИОЖ) тарафидан ташкил этилган 15-чи халқаро кўргазма очилишидаги сўзларини айнан “Ҳаракат”га жавоб деб қабул қилиш лозим. Эрдўғон ўзининг сўзлари нотўғри таҳлил қилинганини, у эркак ва хотинларнинг тенглиги ўрнига эркак ва хотинларнинг эквивалентлиги ҳақида гапирганини айтиб, ўзини оқлашга ҳаракат қилди.

Туркия ахборот воситаларига кўра, “Мен 40 йилдан бери олиб бораётган сиёсий курашим доирасида хотинларнинг ҳақларини ҳимоя қилдим, аёлларнинг турли ташкилотларини қўллаб-қувватладим, ҳеч ким менга лой отолмайди”, дебди Туркия Приезиденти.

Ражаб Эрдўғоннинг орқага чекиниши мақтовга сазовор, дейди “Ҳаракат” мухбири. Аммо, у ўз сиёсатининг марказига Туркияни исломлаштиришни ўртага қўйишини энди бекитиб бўлмайди. У авваламбор бундай сиёсатдан воз кечиши керак. Акс ҳолда Отатурк яратган Туркия йўқ бўлади, парчаланиб кетади.

Жойи келгани учун айтиш кекракки, Туркияда МИОЖни “Мусулмон Иш Одамлар Жамияти” деб ҳам айтишади. Яъни, МИОЖ Эрдўғон таянадиган структуралардан биридир.