25 November 2014
17:52 - “Эзгулик” АҚШ сенаторларининг чақириғини олқишлади
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти АҚШ Сенатининг 8 нафар аъзоси томонидан Президент Ислом Карим номига йўлланган Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаётган фуқаролик жамияти вакилларини озод қилиш ҳақидаги мактубни олқишлади. Бу ҳақда жамиятнинг бугун тарқатган пресс-релизида айтилади. Релизга кўра, АҚШнинг саккиз сенатори 24 ноябрь куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга очиқ хат йўллаб, адолатсиз қамалган инсон ҳуқуқ фаоллари ва мустақил журналистларни озод қилишни сўраган.

Хатга демократ сенаторлар Ричард Дарбин, Роберт Менендез, Патрик Лиҳи, Ричард Блументал, Бенжамин Кардин, Барбара Боксер, Роберт Сэйси, ва республикачи сенатор Марк Кирк имзо чеккан. Улар Ўзбекистонда қамалган ҳуқуқ фаоллари Аъзам Турғунов, Бобомурод Раззоқов, журналистлар Муҳаммад Бекжон, Дилмурод Саидов ва Солижон Абдураҳмоновларнинг озод этилишини талаб этшган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоллари шу йил бошида 12 нафар АҚШ сенаторининг президент Ислом Каримга йўллаган хати туфайли Қаршидаги жазони ижро этиш муассасасида ҳуқуқ фаоли Аъзам Турғунов, журналистлар Солижон Абдураҳмонов ва Дилмурод Саидлар билан кўришган эди. Бугунги релизда Ўзбекистон ИИВ ЖИЭББ маъмуриятига мурожаат қилиб, фуқаролик жамиятининг бошқа вакиллари билан ҳам учрашув сўради.