19 November 2014
23:19 - Миср прокуратураси собиқ президент Муҳаммад Мурси учун олий жазо талаб қилди
Associated Press Миср давлат ахборот агентлигига асосланиб билдиришича, ҳозир тутиқли бўлган собиқ президент Муҳаммад Мурси устидан олиб борилаётган жиноий иш бўйича унга ўлим жазоси беришни талаб қилибди. Давлат қораловчиси Эмад-ал-Шарави Мурси ва унинг сафдошлари ҳокимиятда бўлганларида давлатнинг яширин ҳужжатларини чет эллик истиҳборат органларига, хусусан, Эрон органларига беришганини иддао қилмоқда.

Бу жиноий иш бўйича Мусулмон Мурси билан бирга “Мусулмон-қардошлар” ташкилотининг раиси Муҳаммад Бади ва яна 34 киши Мисрнинг барқарорлигини бузиш учун ҳаракат қилишда айбланмоқдалар.

Эслатиб ўтамиз, Мисрнинг аввалги президенти, тўғрироғи, диктатори Ҳусни Муборак Араб баҳори инқилобида ағдарилгандан кейин 2012 йилда ўтказилган президентлик сайловларида Муҳаммад Мурси ғалаба қозонганди. Аммо, бир йил ўтар-ўтмас, унинг Мисрни исломлаштириш сиёсатидан норози бўлган ҳарбийлар давлат тўнтариши уюштирдилар ва ҳокимиятни қўлга олдилар. Мурси эса тутиқланди.

Сўнгра президентлик сайловлари ўтказилди ва Мудофаа вазири ҳамда Қуролли кучлар бош қўмондони лавозимларини эгаллаб турган Абдул Фаттоҳ ас-Сиси президент бўлди. Исломчилар устидан жиноий иш очилди ва 1 йилдан бери аввал тергов, кейин суд бўлмоқда.

Мисрда аввал ҳам ривожланган демократик тузум йўқ эди, ҳозир ҳам йўқ. Шубҳасиз, бу исломчиларни улар давлат сирини Эронга бергани учун эмас, мамлакатни исломлаштириш ҳаракатларини тўхтатиш учун жазолашмоқчи, баъзиларини йўқ қилишмоқчи.