17 November 2014
19:43 - МТСнинг Ўзбекистон билан арбитраждаги тортишувлари тугади, аммо янги муаммолар бошланди
Сармоявий баҳсларини ҳал қилиш халқаро маркази Россиянинг «Мобильние ТелеСистеми» («МТС») ширкати ва Ўзбекистон ўртасидаги арбитраж муҳокамасини томонларнинг ўзаро келишув ҳақидаги баёнотидан сўнг тугатди. Баёнотда шу йилнинг 31 июль куни «МТС» компанияси Ўзбекистон ҳукумати билан муроса битими имзолагани, Ўзбекистонда янги Universal Mobile Systems (UMS) қўшма корхона ташкил этиши, корхонанинг 50,01 фоизи «МТС»га, 49,99 фоизи эса Ўзбекистон ҳукуматига теккани, ниҳоят, мобиль ширкат шу йилнинг 1 декабридан мамлакатда фаолият юрита бошлаши тилга олинади.

“Муроса битими инглиз ҳуқуқи орқали бошқарилади ва томонлар ўртасидаги барча баҳсли ҳолатларни Париждаги Халқаро савдо палатаси ҳузуридаги Халқаро арбитражда кўриб чиқишни кўзда тутади. UMS қўшма корхонасига 2G/3G/LTE тармоқлари, частота ва рақамлар ҳажми бўйича лицензиялар, шунингдек, инвестициялар сақланиши ва қайтарилиши бўйича кафолатлар олган” дейилади шу муносабат билан маҳаллий матбуотда тарқатилган хабарларда.

Аммо, МТСнинг хўжайини Владимир Евтушенов устидан Россияда жиноий иш очилган, унинг ўзи уй қамоғида. Бу воқеа UMS қўшма корхонасининг ҳали бошланмаган келажагига қандай таъсир кўрсатади, деган саволга жавоб йўқ.