28 October 2014
17:23 - Дубайда 10-чи Жаҳон Ислом Иқтисодий Форуми ўтмоқда, Нурсултон Назарбой ўша ерда, Ислом Карим инида

Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида бугун бўлаётган Форумнинг асосий мавзуси – Иқтисодий ўсиш учун инновацион ҳамкорлик. Форумда 100 дан ортиқ давлатдан тахминан 2 минг киши иштирок этмоқда.

Уларнинг ичида Малайзия Бош вазири Нажиб Тун Разоқ, Бангладеш Президенти Абдул Ҳамид, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбой каби таниқли сиёсатчилар кўп. Ислом Тараққиёт Банкининг президенти Аҳмад Муҳаммад Али ҳам шу ерда.

Қозоқ ахборот воситаларига кўра, Нурсултон Назарбой Дубайда нутқ сўзлаб, бу Форумнинг 7-чиси Остонада ўтказилгани ва у ерда Ислом дунёсининг XXI асрдаги ривожланиши модернизация ва ислоҳотларга асосланиши кераклиги ҳақида Декларация қабул қилинганини эслатиш билан чекланмаган. У мусулмон дунёси аҳоли сонининг тез ўсиши, қамбағаллик, табиий бойликларнинг битиб бориши, экологик вазиятнинг ёмонлашиши каби муаммолар қаршисида қолганини эслатиб, бу муаммоларни ечиш учун Ислом дунёси ривожланиши ва мустаҳкамаланиши шартлигини урғулабди.

Табиий, Қозоғистон Президенти ўз мамлакатининг иқтисодий ривожланиш кўрсатгичлари ўта юқори эканлиги, Қозоғистонни жаҳоннинг энг кучли 30 давлати ичига олиб кириш режалари борлиги билан ҳам мақтанган.

Яккамохов Ислом Карим нима билан мақтанишини билмагани учун Дубайга бормагани ўз-ўзидан маълум. Нима, Ўзбекистоннинг иқтисоди Қозоғистондан 8 баравар кучсиз эканлиги, ўзбек профессорлари қозоқ дворникларидан кам маош олиши билан мақтансинми?

Аслида, дейди, мухбиримиз, ақлли одам ҳар қандай вазиятда мақтанишга арзийдиган нарсалар топишга қодир. Шу сабабли Ислом Каримга маслаҳат бериш фойдалидир.

Қозоғистон шундай ривожланиб бораверса, унга жуда кўп арзон ишчи кучи керак бўлади. Демак, миллионлаб ўзбеклар, уларнинг ичида профессорлар ҳам бор, Қозоғистонга бориб мардикорлик қиладилар, у ерда пул ишлаб оилаларини боқадилар ва айни замонда Қозоғистон жаҳоннинг 30 кучли давлати қаторига киришига ҳисса қўшадилар. Ўзбекистон Президенти Дубайга бориб шу нарсаларни гапириб, роса мақтанса бўларди-ку.