25 October 2014
01:27 - ҚАШҚАДАРЁНИНГ АЙРИМ МАКТАБЛАРИ ЎҚУВЧИЛАРИ ПАХТА ФРОНТИГА САФАРБАР ҚИЛИНДИ! (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи - №38, 24.10.2014)
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига келиб тушган маълумотларга кўра, Қашқадарё вилоятининг Қамаши тумани Баландчайла қишлоғидаги 11-сонли умумтаълим мактабининг 7, 8, 9-синф ўқувчилари маҳаллий ҳокимиятнинг ташаббуси билан шу йилнинг 15 октябридан пахта йиғим-теримига жалб қилинди. Ўқувчилар маҳаллий фермерларнинг пахта майдонларидаги ҳосилни териб топширишмоқда. Фаолларимизнинг мактаб директори Чори Мустафоев билан алоқа ўрнатишга бўлган уринишлари зое кетди.

Шунингдек, Қашқадарё вилоятининг Ғузор тумани Савбоғ қишлоғидаги 27-сонли мактабнинг 8, 9-синф ўқувчилари, тумандаги Кераит қишлоғида жойлашган 5-сонли ўрта умумтаълим мактабининг 6, 7, 8 ва 9-синф ўқувчилари ҳам мактабдан узилмаган ҳолда пахта йиғим-теримига сафарбар қилинган. Мазкур мактаблар директори Жалил Умиров ва Орол Ҳасановларга мурожаатимиз бесамар кетди.

Сирдарё вилоятидаги фаолларимиз орқали олинган хабарга кўра, вилоятдаги Сирдарё ва Ховос темир йўл коллежининг меҳнат ёшига тўлмаган 1-босқич ўқувчилари ҳам 15 октябрдан эътиборан пахта теримига жалб қилинган. Шунингдек, Гулистон шаҳридаги 1-сонли академик лицей ўқувчилари ҳам теримга сафарбар этилган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти “Бола ҳуқуқи ҳақида”ги халқаро Конвенция, Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқининг кафолатлари ҳақида”ги Қонуни талабларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасини мазкур қонунбузарлик юзасидан чора кўришга чақиради.