25 October 2014
00:34 - Европа Иттифоқи Ўзбекистонга яна жазо чоралари киритмоқчи

Би-би-си жаҳон хизмати Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари юзасидан янги резолюция қабул қилгани ҳақида хабар қилди. Маълум бўлишича, куни кеча қабул қилинган резолюцияга кўра, Ўзбекистон “Фуқаро ва сиёсий эркинликлар ҳақида”ги Пакт доирасида инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги борасидаги ваъдаларини бажармаган. Шунингдек, БМТнинг қийноқларга қарши конвенцияларига ҳам амал қилмаяпти.

Резолюцияда Ўзбекистон расмийларининг ўз репрессив бошқарувини кучайтириш мақсадида минглаб кишиларни қамоққа ташлагани, ҳуқуқ ва мухолифат фаоллари, журналистларни таъқиб қилаётгани тилга олинади. “2005 йилиги Андижон ҳодисалари юзасидан мустақил текширувни рад этиб келиш билан бирга процессуал жараёнлар бузилган ва қийноқлар остида олинган иқрорлар асосида ўтказилган маҳкамалар натижасида 200 дан ортиқ инсон қамоқ жазоларини ўтамоқда” дейилади ЕИ резолюциясида.

ЕИ расмийларига кўра, келгуси олти ой мобайнида инсон ҳуқуқларига оид вазият бўйича ижобий ҳолатлар кўзга ташланмаса, Ўзбекистонга нисбатан муайян жазо чоралари киритилади.