20 October 2014
10:35 - Абдураҳим Пўлатнинг 1995 йилдаги таклифини энди амалга оширишмоқда. Тожикистонда!
Тожикларнинг Азия-Плюс агентлиги тарқатган хабарда айтилишича, тожикстонлик меҳнат муҳожирларини ташкилий равишда Россиянинг Амур вилоятида ишлашга жўнатиш масаласи устида икки томон биргаликда ишламоқда. Амур вилояти “Паспорт-виза хизмати” бўлимининг директори Денис Карташов бу ерга келган Тожикистоннинг миграция масалалари бўйича Россиядаги вакили Иброҳим Аҳмадов билан айнан шу масалаларни муҳокама қилмоқда, тез орада амалий натижаларга эришиш кутилмоқда.

Шу муносабат билан яна бир марта эслатиш керакки, “Бирлик” раиси Абдураҳим Пўлат 1995 йилда Швецияда рус тилида Марказий Осиёлик сиёсий муҳожирлар тарафидан чиқариладиган “Центральня Азия и Кавказ” журналида эълон қилинган мақоласида, Ўзбекистон ҳукумати ўзбекларни ташкилий равишда Россиянинг иш кучига муҳтож минтақаларига кўчириш билан шуғулланиши кераклигини ёзган эди.

“Бирлик” ҳокимиятга келса айнан шундай қилган бўларди. Аммо, Ислом Карим режими бундай ишлар билан шуғулланмади. Мана шунинг натижасида, миллионлаб ўзбеклар ойлаб-йиллаб оилалари билан кўришмасдан, ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилинмаган ҳолда Россия ва бошқа мамлакатларда мардикорлик қилмоқдалар.

2008 йили Абдураҳим Пўла Ислом Каримга мактуб йўллаб, чет элдаги меҳнат муҳожирларининг муаммоллари билан шуғулланадиган махсус вазирлик яратиш ва биринчи вазир қилиб ўзининг партия бўйича ўринбосари Пўлатжон Охуновни тайинлаш таклифларини билдирган эди. Бу таклифлар ҳам эътиборсиз қолдирилди. Миллионлаб ўзбекларнинг дарди билан Ўзбекистон ҳукуматининг иши йўқ.

Ҳозир ягона йўл – бу режимни ўзгартириш эканлигини ҳамма тушуниб бормоқда.