20 October 2014
07:07 - Сенсация: ХАМАС лидерининг қизи Тел-Авив касалхонасида даволаниб чиқди
Исроилда инглиз тилида чиқадиган Jerusalem Post газетасининг кечаги хабарида айтилишича, Тел-Авивдаги Ичилов касалхонасининг расмийлари ХАМАС лидери, бир вақтлар Филистин мухториятининг Бош вазири ҳам бўлган, Исроил давлат сифатида йўқ қилиниши кераклигини очиқча гапирадиган Исмоил Ханиенинг қизи бу касалхонада бир неча кун даволаниб чиққанини тасдиқлашган. Бу хабарни Исроил армияси расмийлари ҳам тасдиқлашибди. Яъни, бу воқеадан Исроил давлатининг тегишли органлари хабардор бўлган. Аммо, ХАМАС расмийлари бу ҳақда гапиришни ҳам исташмабди. Ҳеч бир хабарда бу қизнинг исми тилга ҳам олинмайди.

Касалхона расмийси ўзлари Исмоил Ханиенинг қизига бу ерда даволаниб чиқаётган минглаб касаллардан бири сифатидагина қарашганини урғулайди.

Маълумки, сўнгги ойларда Исроил билан ХАМАС ўрасида қонли уруш бўлди. 2100 араб ва 72 яҳудий ҳалок бўлди.

Кўз олдингизга келтиринг, шундай бир вазиятда Исроил лидерларидан биронтасининг қизи ХАМАС назорати остидаги касалхонага келиб даволанса, нима бўларди? Қолаверса, Исмоил Хание бу хусусда нима деркин?