17 October 2014
23:17 - Масхарабозлик: БМТ Тараққиёт Дастури бошқарувчиси Ҳелен Кларк аввал Абдулазиз Комил, кейин Ислом Карим билан учрашди

Икки кундан бери Тошкентда бўлган БМТ Тараққиёт Дастури (БМТТД) бошқарувчиси Ҳелен Кларк бугун Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комил билан учрашди. Бу ҳақдаги қисқа хабарлар умумий гаплардан иборат.

Кейин Ҳелен Кларк хоним Президент Ислом Карим билан ҳам учрашди. Бу ҳақда тарқатилган хабарларнинг масхарабозликдан фарқи йўқ. Нима эмиш, сўнгги 20 йил ичида Ўзбекистонда БМТТД билан умумий қиймати 184 млн доллар бўлган 211 та лоиҳа амалга оширилганмиш, уларнинг ичида, куласизми-йиғлайсизми, Ўзбекистонни кенг кўламли равишда демократиялаштириш, суд-ҳуқуқ ва ижтимоий-иқтисодий системани ислоҳат қилиш лойиҳалари бор эмиш.

Ҳеч нарсадан хабари бўлмаган ёки бундай нарсаларни тушунмайдиган одам бундай хабарга эътибор ҳам бермайди. Аммо, ҳақиқат бошқача-ку!

Маркази Вашинтонда жойлашган машҳур ҳуқуқ ҳимоячиси Фридом Хауз ташкилотнинг ҳамма ҳисоботларида Ўзбекистон дунёнинг 10 та энг ёмон диктаторликлари рўйхатига киритилади. БМТТДнинг Ўзбекистондаги қоғоздагина бор бўлган лойиҳалари нимани ўзгартирди, деган саволга жавоб битта – ҳеч нарсани. Чунки, лойиҳалар қоғозда қолиб кетаверади.

Энди иқтисодий ислоҳотларга қарайлик. “Бирлик” Партияси “Ҳаракат” Агентлиги билан биргаликда шу пайтгача Ислом Карим раҳбарлигидаги тожиклар режими ўзбек халқидан бекитиб келаётган рақамларни топди ва уларни эълон қилди. Мана уларнинг баъзилари.

Ҳар қандай давлат иқтисодининг асосий кўрсатгичи бўлмиш Киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот (ЯИМ) ҳажми бўйича Ўзбекистон Қозоғистодан 2005 йили 5, 5 барақвар орқада эди, 2013 да 8 баравар орқада. Бизда аҳолининг ўртача ойлиги ҳам шунча кам. Ишсизлик даражаси бизда шундай каттаки, миллионлаб ўзбеклар ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояланмаган ҳолда чет элларда мардикорчилик қилишга мажбур бўлмоқдалар. Ўзбек профессорларининг ойлиги Қозоғистоннинг катта шаҳарларидаги дворникларнинг ойлигидан кам.

Шундай экан, БМТТДнинг лойиҳалари бўйича ўтказилаётган ислоҳотларнинг натижалари қани деб савол қўйиш мутлақо табиийдир. Жавоб ҳам аниқ – ҳеч қанақа ислоҳотларинг ўзи йўқ.

Ўзбекистондаги қўғирчоқ ахборот воситалари тарқатган хабарларда айтилишича, Ҳелен Кларк Ўзбекистонда сўнгги йилларда ЯИМ 8 фоиздан ортиб борганини юқори баҳолабди. Агарда шундай бўлган бўлса, бу хонимнинг эси жойидами, деган савол ўртага чиқиши ҳам табиий эмасми. Табиий!

Дарвоқе, хабарларда Ислом Карим ва Ҳелен Кларкнинг учрашувидан расм ҳам берилмаган.