17 October 2014
08:22 - Миланда “Осиё-Европа Форуми” баҳона – Украина ғанимат

Хабарнинг сарлавҳасини кесатиш деб ҳисоблаш керакмас. Ростдан ҳам шундай, ҳозир жаҳоннинг диққат эътибори Украинада бўлаётган воқеаларда. “Осиё-Европа Форуми”да Украина мавзуси бош ўрин эгаллаётгани табиийдир. Оммавий ахборот воситалари ҳам айнан шу мавзуни диққат марказида тутишмоқда. Ваҳолангки, Украина бу ташкилотнинг аъзоси эмас, унинг Президенти Петр Порошенко қайси мақомда Форумда иштирок этаётгани билан эса, ҳеч кимнинг иши ҳам йўқ.

Муҳим бўлгани, Петр Порошенко кеча бу Форум доирасида Германия Канцлери Ангела Маркел, Италия Президенти Жоржо Наполитано, Европа Кенгаши Президенти Герман ван Ромпей, Еврокомиссия раиси Жозе Мануэл Баррозу билан учрашди. Табиий, бу учрашувларда Украина-Россия конфликти Украина манфаатлари нуқтаи назаридан муҳокама қилинди. Порошенконинг Россия Президенти Путин билан учрашуви ҳам режалаштирилган.

Владимир Путин кеча Форумнинг пленар мажлисига етиб келмади, аммо саммит қатнашчиларига берилган расмий кечки овқат маросимида иштирок этди. Сўнгра у Ангела Маркел билан кўришди. Табиий, улар асосан Украина масаласини гаплашишди.

Бугун АСЕМ саммитининг мажлисида Украинага бағишланган махсус кенгайтирилган форматдаги йиғилиш бўлади. Айнан ўша ерда Порошенко ва Путин ўз мамлакатларининг позицияларини яна бир бор очиқлашади, ечим йўлларини таклиф қилишади. Бу икки прзидентнинг позицияси принципал нуқаталарда бир-биридан кескин фарқ қилиши ҳам ҳаммага маълум.