17 October 2014
01:36 - SOS: “ЭЗГУЛИК” ФАОЛИ БОБОМУРОД РАЗЗОҚНИНГ АҲВОЛИ ОҒИР, ДИЛМУРОД САЙЙИД ОЗОД ҚИЛИНИШИ КЕРАК! (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи №36, 15.10.2014 )
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси тизимидаги 64/3-сонли (Тошкент вилояти Товоқсой посёлкаси) муассасада жазо муддатини ўтаётган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоли, жамиятнинг Бухоро вилояти бўлими раиси 62 яшар Бобомурод Раззоқовнинг аҳволи оғир. Шу йилнинг сентябрь ойида жигар, буйрак ва юрак етишмовчилиги хасталиклари билан сангородга келтирилган ҳуқуқ фаоли оила аъзоларига видолашув мазмунида мактуб йўллади.

“Мен Бобомурод акани бошқа ҳамкасбларимиздан фарқли ўлароқ ўзини реклама қилишга қизиқмайдиган, барча дардларини ичга ютадиган мард инсон сифатида биламан. У кишининг мактубини ўқиб изтиробга тушдим. Янги йилгача бормасам керак, дебдилар. Агар инсон ҳуқуқлари масаласи ростданам дунё сиёсатида қандайдир қийматга эга бўлса, халқаро ташкилотлар ва жамоатчилик унинг озодлиги учун курашиши керак” дейди ҳуқуқ фаолининг жамоатчи ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов.

Таъкидлаш керак, Бобомурод Раззоқовнинг иши бошдан-оёқ буюртма, унинг ташкилотчиси Бухоро вилояти ИИБ жиноят қидирув ва терроризмга қарши кураш бўлими бошлиғи Алишер Андаев эди. Бу шахс порахўрлиги, коррупцияга бўғзига қадар ботгани сабабли МХХ томонидан бир муддат аввал ҳибсга олинди ва уни узоқ йиллик қамоқ кутмоқда. Шу фактнинг ўзиёқ Бобомурод Раззоқов ишининг қайта кўрилиши, унинг реаблитациясига асос бўлиши мумкин эди. Қолаверса, ҳуқуқ ҳимоячиси иши БМТнинг асоссиз қамоққа олишлар бўйича ишчи гуруҳи томонидан ўрганилиб, комиссия ихтиёрига юборилган.

“Шу йилнинг ёзида қамоқдан чалажон ҳолда чиқарилган, озодликдан икки ҳафта сўнг жони узилган ангренлик фаолимиз Абдурасул Худойназаровнинг фожиали ўлимидан ҳали ўзимига келолганимиз йўқ. Аммо асоссиз айбловлар билан қамоққа олинган фаолимиз Дилмурод Саййиднинг оналари Ҳамди аянинг вафоти, унинг ўғли билан дийдорлашуви қиёматга қолгани ҳар қандай кишини ларзага солади. Дилмуроднинг рафиқаси Барно ва унинг ёлғиз зурриёди Рухшона автоҳалокатдан вафот этганида ҳукумат инсонпарварлик ва гуманизм кўрсатиб, уни озод қилармикан деб умид қилгандим. Дилмуроднинг ннаси ўтибди ҳамки ҳукуматдан илтимосномаларимизга жавоб йўқ” дейди “Эзгулик” раҳбари Васила Иноятова.

Инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик жамияти вакилларига нисбатан айрича муносабат, таъқиб, халқаро минбарлардаги ёлғон Ўзбекистон ҳукуматининг сиёсати бўлиб келган. Афтидан, инсон ҳуқуқлари масаласи халқаро ташкилотлар, демократия иддао қилаётган “ишонган тоғларимиз”га ҳам бир тийин бўлиб қолган кўринади. Аксинча, ҳуқуқ ҳимоячиларининг сиёсий маҳкумлар масаласидаги Варшава акциялари хорижий дипломатик корпус ваколатхоналри, халқаро ташкилотлар, оммавий ахборот воситаларини ортиқча қизиқтирмаганини қандай тушуниш мумкин?! Ўзбекистон қамоқхоналарида Абдурасул Худойназаров сингари ўлиб кетадиганларнинг навбатдагиси ким бўлади: Дилмурод Саййидми, Бобомурод Раззоқми ёки сангородга ўтган куни оғир аҳволда келтирилган Нуриддин Жуманиёзовми?

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Ҳьюман Райтс Уотч, Халқаро Амнистия сингари ташкилотлар, маҳаллий ва хориждаги ҳуқуқ ҳиоячилиги фаолияти билан шуғулланувчи дўстларимизни айнан фуқаролик жамияти вакиллари озодлги йўлида бирдамликка чақиради. Оммавий ахборот воситаларидан мазкур масалага кенг ўрин берилишини сўрайди!