15 September 2014
19:13 - “Эзгулик” фаоли Бобомурод Раззоқов Сангородга келтирилди
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти томонидан бугун тарқатилган релизда айтилишича, Тошкент вилоятининг Товоқсой посёлкасидаги 64/3-сонли зонада жазо муддатини ўтаётган жамият фаоли Бобомурод Раззоқов тошкентдаги 64/18-сонли махсус тиббийлаштирилган муассасага келтирилган. Ҳуқуқ ҳимоячисининг юраги ва буйраги безовта қилмоқда.

“Эзгулик” жамиятига кўра, ҳуқуқ ҳимоячиси Ўзбекистон Республикаси ЖИК ва Амнистия тўғрисидаги Сенат қарори талабларига мувофиқ, шу йилнинг 12 июлида манзил колонияга чиқарилиши лозим эди. Жазо муддатининг 4/1 қисмини ўтаган ҳуқуқ фаоли бунга тўла ҳақли, қолаверса, Амнистия ҳақидаги қарорда ҳам унинг озод қилинишига монъелик қилувчи ҳолат йўқ эди.

Аммо шу йилнинг 2 мартида учинчи марта ғайриқонуний равишда жазо карцерига ташланлаган Бобомурод Раззоқов манзил колонияга чиқарилмади. Ҳатто муассасада берилган сўнгги “тартиббузарлик” жаримаси қонунга иноан 6 ойда ечилганида ҳам Бобомурод Раззоқов кеча, 6 августда манзил колонияга чиқарилиши лозим эди. Афтидан, ҳукумат ҳуқуқ фаолини қамоқдан чиқармоқчи эмас.

Эслатиб ўтамиз, ҳуқуқ фаоли Бобомурод Раззоқов 2013 йилнинг 24 сентябрида жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 135-моддаси (Одам савдоси) билан айбланган ва 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.