15 September 2014
17:41 - Сирдарёда пахта ҳашарчиларини олиб кетаётган автобус ҳалокатга учради

“Сирдарёнинг Мирзаобод тумани ҳудудидан ўтаётиб, ойналари синган, кучли техник шикастланган икки автобусни кўрдим. ЙХҲ (Йўл Ҳаракати Хавфсизлиги) ходимлари томонидан автобуслар четга олинган бўлиб, техник шикаст кўрган учинчи автоулов ҳам бор эди. Ўша ерда турганларнинг айтишича, талабаларни пахтага олиб кетаётган автобусларнинг бири ўзаро оралиқ масофани сақламай олдиндагисига келиб урилган. Натижада талабаларнинг кўпчилиги жароҳат олган ва яқин орадаги шифохоналарга етказилган” дейди “Ҳаракат” мухбири кеча, 14 сентябрда Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани ҳудудидаги автоҳалокат ҳақида.

Маълум бўлишича, пахта теримига ҳашарчиларни Тошкентдан Жиззах вилоятига олиб кетаётган автобуслар ўзаро тўқнашишган ва бир неча киши жароҳат олган. Мазкур иш бўйича Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг йўл ҳалокатига оид моддаси билан суриштирув олиб бормоқда. Прокуратурага кўра, йўл транспорт ҳодисаси натижасида ўлим cодир бўлмаган.