13 September 2014
17:38 - Нурсултон Назарбой ноядровий дунёнинг лидери бўлса, Ислом Карим тинчликсевар дунёнинг лидери
Қозоқ ахборот воситаларида Семей (собиқ Семиполатинск) шаҳрида “Нурсултон Назарбой – ноядровий дунёнинг лидери” номли кўргазма очилгани хабар қилинди. Нурсултон Назарбой 1991 йил 29 августда Семиполатинскдаги ядровий синов полигонини ёпиш ҳақида Фармон чиқаришдан бошлаб, дунёда ядровий қуролнинг тарқалишини олдини олиш йўлида катта фаолият олиб бораётгани учун шундай унвонга лойиқ эмиш.

Ёш бола ҳам тушунадики, Нурсултон Назарбойнинг 1991 йил 29 августдаги Фармони Москванинг амри билан қилинган. 1991 йилнинг 16 декабригача Қозоғистоннинг мустақиллигини ҳам эълон қилишдан қўрққан Нурсултон Назарбой ўзича ядровий полигион ёпишга журъат қилармиди?

Нима бўлганда ҳам, Нурсултон Назарбойни ноядровий дунёнинг лидери деб аталаётгани Ислом Карим тарфдорларига ҳам яхши ўрнакку. Нима учун Ислом Каримни тинчликсевар дунёнинг лидери деб эълон этишмайди?

Ахир у ҳамма ерда фақат тинчликни гапиради. Масалан, 11-12 сентябрь кунлари Душанбеда ўтган Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилотининг саммитида ҳам “Афғонистонда ҳарбий йўллар билан тинчлик ўрнатиб бўлмасалигини” таъкидлаб, Афғонистон халқига ўз тақдирини тинч йўл билан ўзи белгилаш имкони бериш кераклигини гапирди.

Ҳа, Ислом Карим ҳақиқий тинчликсевар. Қирғиз фашистлари ўзбекларни қирғин қилганда ҳам, у қирғизларнинг тинчлигини ўйлаб, ўзбекларга ёрдам бермади. Қани энди, Ислом Карим вақтлироқ туғилганда эди, у Адольф Гитлерни уруш қилмасликка ундаган бўларди. У бутун дунёни Гитлерга қарши урушмасликка, тинчликсевар бўлишга чақирган бўларди.

АҚШ бошчилигида Афғонистонда антитеррор уруши бошлаганда, Ўзбекистон президенти НАТОга ёрдам бериш учун Хонобод аэробазасини бергани тасодифий хато бўлса керак. Ислом Карим тезда ўз хатосини тушунди ва тинчликсеварлиги эсига тушиб қолиб, Хонободни АҚШдан тортиб олди.

Демак, тезда Хонободда “Ислом Карим – тинчликсеварлар дунёсининг лидери” номли кўргазма очиш керак.

Дарвоқе, Семейда очилган “Нурсултон Назарбой – ноядровий дунёнинг лидери” номли кўргазма аввал Олмотада, кейин Остонада ҳам намойиш қилинар экан. Қозоқлардан ўрнак олиб, Хонободда очиладиган кўргазмани кейинчалик Тошкентга ташиш мумкин.