19 August 2014
19:30 - Офарин Нурсултон Назарбой: Бугун ЕИ Бош вазири Қозоғистон президентига телефон қилибди

Казинформ агентлигининг хабаридан маълум бўлишича, бугун пешиндан кейин Еврокомиссия раиси Жозе Мануэл Баррозу, уни ЕИ Бош вазири дейиш мумкин, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбойга телефон қилиб, Қозоғистон-Европа муносабатларини муҳокама қилибди.

Жозе Мануэл Баррозу шу йил 26 августда Нурсултон Назарбойнинг ташаббуси билан Минскда Божхона Иттифоқи саммити ўтказилишини қўллаб-қувватлаб, у ерга ўз вакилини юборишини ҳам айтибди. Бошқа хабарлардан маълумки, Минскдаги учрашувга Украина президенти Петр Порошенко ҳам таклиф қилинган, унинг Владимир Путин билан учрашуви ҳам режалаштирилган.

Булардан ҳам муҳим бўлган нарса шундан иборатки, Жозе Мануэл Баррозу ва Нурсултон Назарбой Украинадаги воқеаларга катта эътибор беришибди ва шу йил октябрь ойида Милан шаҳрида бўладиган “Осиё – Европа” форумида Қозоғистоннинг роли ҳақида ҳам гаплашишибди.

Нурсултон Назарбой яқингача ҳеч ким танимайдиган Қозоғистонни дунё саҳнасига олиб чиқаётганига қозоқлар “Офарин!” дейишаётганини тушуниш мумкин. Бундай нарсалар ўзбекларнинг тушига ҳам киролмайди.