19 August 2014
07:13 - Германия: Туркия иттифоқчимиз, аммо дўст эмас, телефонларини яширинча тинглаш маъқулдир
АҚШнинг махсус хизматлари ўзига иттифоқчи бўлган мамлакатлар раҳбарларининг телефонларини яширинча тинглаб боргани катта жанжал бўлмаса ҳам, ўзига яраша таранглик яратганди. Шу кунларда Германия ҳам шундай қилгани очилиб қолди, немислар бундай тинглашлар тасодифан бўлганини гапиришга мажбур бўлишди. Тахмин қилиш қийин эмаски, ҳамма Ғарб давлатлари бир-бирларини яширинча тинглашга ҳаракат қилишади, агарда бу нарса очилиб қолса, ўзларини оқлаш учун сабаблар ўйлаб топишади.

Аммо, Туркия масаласида Германиянинг фикри кутилмагандек бўлиб чиқди. Туркияда чиқадиган “Миллиёт” газетаси Германия ҳукумати ичидаги ўз манбаларига асосланиб хабар беришича, Германия ҳукумати Туркияни НАТО аъзолари АҚШ, Франция ва Буюкбритания каби дўст ҳисобламасдан, унинг раҳбарларини яширинча тинглаб борилишини маъқуллабди.

Табиий, бу хабар турклар учун устларидан совуқ сув қуйишдек бўлди. Тахмин қилиш мумкинки, Гемания ҳукумати бу “янгиликни” атайлаб сиздирган. Мақсад – Туркиядаги исломчиликка яқин ҳокимиятни огоҳлантириш, дўст бўлишга чақириш. Дарвоқе, кеча Германия ҳууматининг матбуот котиби Кристина Виртз шу мавзуга доир матбуот конферецияси ўтказаётган пайтда “Туркия дўст мамлакатми?” саволига “Германия Туркия билан ҳар томонлама боғланган” деб, саволга тўғридан-тўғри жавоб беришдан қочибди.