17 August 2014
01:46 - Ўзбекистон банкларининг ғариб аҳволи ҳақида
2 йилча аввал Ўзбекистондаги ҳамма банкларнинг устав капиталларининг йиғинидиси Қозоғистонга нисбатан 10 баравар кам эканлигини бу икки мамлакатнинг расмий манбаларига асосланиб кўрсатиб берган эдик. Яъни, иқтисодимизнинг кучи Қозоғистондан 10 баравар кам, ўртача ойлик 8 баравар кам, банкчилик системасида ҳам 10 баравар орқадамиз.

Ҳозир аҳвол қанақа?

Молиявий масалаларга катта эътибор бериши билан маълум бўлган, аммо фақат рус тилида иш олиб борадиган uzdaily.uz сайти сўнгги кунларда баъзи банкларнинг фаолиятига доир маълуомтлар берди. Бу сайтнинг хабарларида билдирилишича, Ўзбекистон Республикаси Халқ Банки шу йилнинг биринчи ярим йиллигида 37,77 млрд сўм (Марказий Банкнинг расмий курси бўйича $16,1 млн) тоза фойда олибди. “Туронбанк”нинг тоза фойдаси 10,365 млрд сўм ($ 4,43 млн), “Агробанк”ники 7,083 млрд сўм ($3,03 млн).

Хўш, бу яхшими, ёмонми? Uzdaily.uz cайти бундай саволлар қўймайди, банкларимизнинг ишини бошқа мамлакатдагилар билан солиштириб ҳам кўрмайди. Аммо, оддий ўқувчимиз ҳам кўраётган бўлса керак, бу ерда келтирилган ҳамма рақамлар бир неча миллион долларларни кўрсатмоқда. Аҳолиси 30 млн бўлган Ўзбекистонда банкларимиз миллиардлаб долларлар билан ишлаши керак эди.

Яна битта солиштириш қилайлик. Шу сайтнинг хабарида айтилишича, Халқ Банкининг устав капитали 200 млрд сўмдан бироз ошибди, бу $85,47 млн демакдир.

Пул кўрмаган одам учун бу катта пул. Аммо, катта банкларимиздан бирининг устав капитали, миллардларни қўйиб туринг, 100 млн долларга ҳам етмабдими, демак, бизда жиддий банк системаси йўқ.

Бир неча кун аввал Қозоғистоннинг 50 та катта бойи ҳақида хабар берар экан, бу мамлакатнинг энг катта бойи бўлмиш Владимир Кимнинг бойлиги 2 млрд 300 млн доллар, 50-чи ўриндаги Анатолий Балушкиннинг бойлиги $80 млн эканлигини билдирган эдик.

Қаранг, Қозоғистоннинг энг катта бойлари миллиардлаб долларлик ишлар қилишади, бизнинг асосий банкларимиздан бирининг устав капитали эса 100 млн ҳам эмас. Қозоғистоннинг 50-чи бойи билангина баъзи рақамларимизни солиштиришимиз мумкин, холос.

Хуллас, Ислом Карим раҳбарлигидаги режим бизни ҳар тарафлама қолоқликка, қозоқларга оммавий мардикорликка олиб кетмоқда. Эй, ўзбеклар кўзингизни очинг, бу режимдан тезроқ қутилмасак, ишларимиз чатоқ ва хароб.